21.05.2025. Жорий йилнинг 19 май куни ЎзКУФ Бош Кенгашининг 2024 йил 21 декабрдаги ИХ-3-сонли “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Бўстонлиқ тумани Кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция ишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши раисининг ўринбосари Л. Холмўминова, Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Б. Мирзаев, шунингдек, туман кенгаши аъзолари, касаба уюшмаси фаоллари ва туман кенгаши тизимидаги бошланғич ташкилотлардан сайланган делегатлар иштирок этдилар.
Конференцияда Бўстонлиқ тумани ташкилотининг 2020 йил май ойидан 2025 йил май ойигача бўлган фаолияти, шунингдек, келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар юзасидан туман кенгаши раиси У. Аҳмедов ва назорат-тафтиш комиссияси раиси Т. Деҳқоновнинг ҳисоботлари тингланди.
Конференция делегатлари томонидан туман ташкилотининг фаолияти “қониқарли” деб баҳоланди. Ўтказилган сайлов натижаларига кўра, У. Аҳмедов Бўстонлиқ тумани кенгаши раиси этиб қайта сайланди.
Шунингдек, конференцияда туман кенгашининг янги таркиби, назорат-тафтиш комиссияси аъзолари ҳамда Тошкент вилояти ташкилоти конференциясида иштирок этадиган делегатлар тасдиқланди.
Йиғилиш якунида, Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан, касаба уюшмасининг фаол аъзолари туман кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.