26.05.2025. Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ташкил этилган ҳафталик тадбирлар доирасида “Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши стипендияси” танловининг Республика босқичи Тошкент кимё-технология институтининг мажлислар залида бўлиб ўтди.
Танловдан кўзланган мақсад — Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ёшларнинг фаоллигини ошириш, тармоқдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, “Устоз-шогирд” анъанасини давом эттириш, касаба уюшма кадрларини тайёрлаш, юқори баҳоларга ўқиётган, кимё соҳасида тадқиқот олиб бораётган ва бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолиятида иштирок этаётган талабаларни рағбатлантиришдан иборатдир.
Танлов иштирокчиларининг ҳужжатлари Республика комиссияси томонидан танлов низоми талаблари асосида кўриб чиқилди. Комиссия хулосасига кўра, Тошкент кимё-технология институти талабалари Нилуфар Қодиржонова ва Шахло Бобожонова стипендия ғолиблари деб топилди. Шунингдек, танловда фаол иштирок этган бошқа талабалар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
— Ушбу стипендия соҳибаси бўлиш менга ва касаба уюшмаси фаолиятидаги ишларимга катта далда бўлди. Мен касаба уюшмалари фаолиятида иштирок этиб, ёрдам бериш жараёнида яна бир соҳани ўрганаётганимдан мамнунман. Келгусида талабаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этишга ҳаракат қиламан, — дейди танлов ғолибаси Шахло Бобожонова.
Ш. Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси