[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

29.05.2025. Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган “Чорчинор” болалар оромгоҳида “2025 йил ёзги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш” мақсадида амалий семинар ташкил этилди.

Ушбу семинар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши ва Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Семинарда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Саидова Зебо Беҳбудовна, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Рафиқов Суҳроб Абдуғафурович, Федерациядан вилоятга бириктирилган вакил Деҳқонов Нодир Шуҳратович ва Ургут тумани ҳокими Жабборов Ботир Шукуруллоевич иштирок этдилар.

Шунингдек, тадбирда шаҳар ва туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари раҳбарлари, тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, касаба уюшма раислари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари бош врачлари, оромгоҳ раҳбарлари, бош тарбиячилар, етакчилар, оромгоҳга бириктирилган шифокорлар ва ички ишлар органлари ходимлари иштирок этди.

Маълумот ўрнида, жорий йилда вилоятдаги шаҳар ва туманларда жойлашган соғломлаштириш оромгоҳларида 8000 нафар бола 5 давра (смена) мобайнида дам олиши, шунингдек, 57 та умумтаълим мактаби ҳузурида ташкил этиладиган соғломлаштириш майдончаларида 12 805 нафар ўқувчи қамраб олиниши режалаштирилган.

Семинар давомида Янги Ўзбекистон болаларини ҳар томонлама баркамол, жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан бой, миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида оромгоҳларда ўтказиладиган маданий ва маърифий тадбирларни 12 кунлик намунавий дастур асосида ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, тегишли масъул ташкилотлар вакиллари томонидан оромгоҳлардаги санитария-гигиена шароитлари, болалар овқатланишининг сифати ва хавфсизлиги, тиббий хизмат кўрсатиш тизими, тарбиявий, маданий-маърифий фаолиятлар самарадорлиги, ходимларнинг касбий тайёргарлиги ва масъулияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир доирасида оромгоҳ раҳбарлари ўзаро тажриба алмашиб, намунавий иш усулларини ўргандилар. Семинар вилоятдаги барча оромгоҳларда ёзги соғломлаштириш мавсумини юқори савияда ташкил этиш, болалар учун хавфсиз ва мазмунли дам олиш муҳитини яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.