[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

29.05.2025. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Фарғона шаҳар ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Фарғона шаҳар касаба уюшмаси раиси Нозимахон Мирсалимованинг 2020 йил июнь ойидан 2025 йил май ойигача бўлган даврда амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботи тингланди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг эътибори туфайли таълим тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Педагог ходимларнинг мақоми ошди, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор имтиёзлар жорий этилди. Хусусан, сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг иш ҳақи сезиларли даражада оширилди. Энг муҳими, касаба уюшмалари томонидан аъзоларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишлари бир неча баробарга ошди.

Пандемия даврида ёрдамга муҳтож ходимлар эътибордан четда қолмади. Шу даврда 450 нафар аъзога озиқ-овқат, гигиеник воситалар ва ниқоблар тарқатилди. Бундан ташқари, 1308 нафар кам таъминланган ва эҳтиёжманд аъзоларга энг кам иш ҳақи миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Сўнгги беш йилда Фарғона шаҳар ташкилоти ўз ташкилий салоҳиятини мустаҳкамлаб, аъзолар сонини барқарор оширишга эришди. Шароит ва талаблардан келиб чиқиб, ҳар бир аъзо билан индивидуал иш олиб борилиб, самарали фаолият натижасида аъзолик таркиби мустаҳкамланди. Маданият муассасаларининг тармоқдан чиқиб кетганига қарамай, умумий аъзолар сони 440 нафарга ошиб, 2025 йил ҳолатига кўра 9117 нафар ишловчи ходимни қамраб олди.

Бугунги кунда ташкилот 12 007 нафар аъзони ўз ичига олади. Улардан 9117 нафари ишловчи ходимлар, 2890 нафари эса академик лицей ва техникум талабаларидир. Шулардан 7208 нафари аёллардир. Бу эса уюшма томонидан яратилган имкониятлар натижасидир.

Тушунтириш ишлари орқали 86 та нодавлат таълим муассасаси касаба уюшмасига қўшилди ва 3000 нафарга яқин янги аъзо қабул қилинди.

Жамоа шартномалари асосида сўнгги 5 йилда 5176 нафар кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.

2020–2025 йиллар давомида 5176 нафар ходим ва уларнинг оилаларига 1 млрд 200 млн сўмлик ижтимоий ёрдам берилди. 997 нафарга соғломлаштириш йўлланмалари, 450 нафарга касаба уюшма маблағлари ҳисобидан соғломлаштириш имконияти яратилди.

877 нафар бола “Хумо”, “Водий гавҳари” ва “Тонг” оромгоҳларида дам олди. 1167 нафар болага ўқув қуроллари берилди. Ушбу мақсадда 68 млн 126 минг сўм маблағ сарфланди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида 1000 дан ортиқ ходим тарихий шаҳарларга саёҳат қилди.

Ҳисобот тингланганидан сўнг, делегатлар қўмита фаолиятини қониқарли деб баҳолашди.

Муқобиллик асосида яширин овоз бериш орқали энг кўп овоз олган Нозимахон Мирсалимова яна бир муддатга раис этиб сайланди.