29.05.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси томонидан тармоқ тизимидаги барча касаба уюшма ташкилотларида тарғибот тадбирлари, учрашувлар ва танловлар ўтказилиши “Йўл харитаси” асосида белгиланган.
Жамият ҳаёти ва ходимларнинг кундалик турмуш тарзида касаба уюшмаларининг ўрни ва ролини ошириш мақсадида “Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари касаба уюшмалари ҳафталиги” жорий йилнинг 26–30 май кунлари ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан 27 май куни “Касаба уюшмалари ҳафталиги” доирасида тармоқ касаба уюшмаси томонидан “Ўзметкомбинат” АЖ ҳамда Тошкент шаҳридаги корхона ва ташкилотларда фаолият олиб борган фахрийлар учун Тошкент шаҳрига туристик саёҳат ташкил этилди.
Тадбир доирасида фахрийлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрдилар. Улар саёҳатдан катта таассуротлар олганини, бундай эътибор ва ҳурматдан мамнун эканликларини билдирдилар.
— Тошкент шаҳрида истиқомат қилсам ҳам, иш ва уй орасида юриб, фақат зарурат туфайли кўчага чиқардим. Шу боис, шаҳримизнинг шундай обод ва чиройли бўлиб кетганини илгари пайқамаган эканман, — деди “Технолог” АЖ собиқ касаба уюшма қўмитаси раиси Васила Хошимова.