29.05.2025. 2025 йил 28 май куни Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда кенгаш раиси Шоҳруҳ Шамсиддинов сўнгги беш йил мобайнида амалга оширилган ишлар, шунингдек, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича келгусидаги вазифалар юзасидан маъруза қилди.
Таъкидланганидек, ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда норасмий ва ностандарт банд ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида тармоқ касаба уюшмаси тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Ходимлар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш устидан жамоатчилик назорати самарали тарзда амалга оширилмоқда.
Меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишида кенгаш ва қуйи бўғиндаги касаба уюшма қўмиталари томонидан 220 та корхона, ташкилот ва муассасалар фаолияти ўрганилиб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилган. Текширувлар давомида 565 та камчилик аниқланиб, иш берувчиларга 18 та тақдимнома юборилган. Касаба уюшмаси аралашуви билан 560 та камчилик бартараф этилган.
Ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида 50 га яқин корхона ва ташкилотларда фаолият юритувчи 12 мингдан зиёд ходимларга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси моҳияти юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Конференцияда делегатлар беш йиллик фаолият юзасидан тақдим этилган ҳисобот билан батафсил танишиб, фаол муҳокамаларда иштирок этдилар. Улар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, фаолиятни қониқарли, деб баҳоладилар. Шунингдек, тадбирда тафтиш комиссиясининг ҳисоботи ҳам тингланди.
Кейин яширин овоз бериш орқали муқобиллик асосида кенгаш раиси сайлови ўтказилди. Унда кўпчилик овоз билан амалдаги етакчи Шоҳруҳ Шамсиддинов яна бир муддатга раисликка сайланди.
Конференция давомида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Тадбирда Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг маданий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси Нодира Шамсиева иштирок этди.