12.06.2025. Болалар меҳнати — бу вояга етмаганларни мунтазам меҳнатга жалб қилиш ҳисобланади. У кўплаб давлатларда болаларни узлуксиз эксплуатация қилиш сифатида баҳоланади ва қонун йўли билан таъқиб қилинади.
Ўтмишда болалар меҳнатига оддий ҳол сифатида қаралган. Аммо, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қатор халқаро конвенциялар қабул қилинганидан сўнг, бу ҳолатга босқичма-босқич чек қўйила бошланди.
БМТ ва Халқаро меҳнат ташкилоти болалар меҳнатига қарши қатъий позицияни эгаллайди. Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 32-моддасида болаларни жисмоний, руҳий, маънавий ва ижтимоий ривожланишига тўсиқ бўлувчи, саломатлиги ҳамда таълим олишига халақит қилувчи ҳар қандай иқтисодий эксплуатациядан ҳимоя қилиш назарда тутилган.
Албатта, болалар меҳнатига қарши қатор конвенциялар ва миллий қонунлар мавжуд.
Тўғри, айрим ҳолларда болаларнинг пул топиш ёки оиласига ёрдам бериш мақсадидаги ҳаракатларига нисбатан чидаш мумкиндек туюлиши мумкин. Аммо бу каби ҳолатларга чек қўйиш зарур. Чунки дунёда янада оғир муаммолар мавжуд — айтайлик, вояга етмаган болалар айрим ҳолларда қулликка тортилаётгани, жанговар ҳаракатларда иштирок этаётгани ёки ҳаттоки, жинсий эксплуатация қурбони бўлаётгани маълум.
Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган дастлабки халқаро ҳужжатлардан бири — Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бўлган.
Ушбу конвенция болаларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги шафқатсиз муомала, эксплуатация ва камситишни тақиқлайди. Ўзбекистон мазкур халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий этди ва болалар меҳнатини бартараф этиш бўйича барча халқаро шартномаларга қўшилди.
Болалар меҳнатига қарши курашиш соҳасида эришилган ютуқлар, шубҳасиз, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кўрсатади. Бу эса мамлакатнинг халқаро нуфузига ҳамда ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Бекполат Ўтепбергенов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши меҳнат техник инспектори