[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

20.06.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси саройида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси ҳамда Корея Иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат кенгаши делегацияси вакиллари учрашуви бўлиб ўтди.

Таъкидлаш зарурки, Корея Иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат кенгаши раиси Ги-Сеоб Квон бошчилигидаги делегациянинг ташрифидан кўзланган мақсад – Ўзбекистондаги Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда бу борада мамлакатимизда тўпланган бой тажрибани ўрганишдир.

Учрашувни Ўзбекистон касаба уюшмари Федерацияси раиси, Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ҳамда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари республика ташқи сиёсатида, иқтисодиёти, маорифи ва маданиятида алоҳида ўрин тутиши эътироф этилди.

Қайд этиш зарурки, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) стандартларига мувофиқ, миллий уч томонлама ижтимоий мулоқот ҳукумат, ходимлар ва иш берувчилар ташкилотлари ўртасида меҳнат соҳасига таъсир кўрсатадиган жараёнлар, қонунлар ва қарорлар бўйича маслаҳатлашувлар борасидаги  ўзаро ҳамкорликни ўз ичига олади. Самарали бандликни таъминлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини тартибга солиш, гендер тенглиги ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, жамоавий меҳнат низоларини ва экологик масъулиятли иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш масалаларини ҳал этишда уч томонлама ижтимоий мулоқот муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясининг раислиги ҳар уч йилда бир марта ижтимоий шериклик тарафларидан бирига ўтади. Бугунги кунда Республика уч томонлама комиссиясига Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раислик қилмоқда ва бу даврда меҳнат соҳасини тартибга солишда уч томонлама ижтимоий мулоқотни янада ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб, муайян натижаларга эришилди. Хусусан, ижтимоий мулоқот ва жамоавий музокараларни ривожлантириш бўйича туманлар, шаҳарлар ва вилоятлар даражасида ҳудудий-тармоқ жамоа келишувларини тузиш амалиёти тикланди, жамоа шартномавий ҳужжатларга тенг аҳамиятли меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг ҳақ тўланишини таъминлаш механизми жорий этилмоқда, ташкилотларда гендер аудити ўтказилмоқда. 2023 йилда барча жамоа келишувлари ва шартномалари янги Меҳнат кодекси ва Бош жамоа келишуви талабларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг янги тахрирдаги Меҳнат кодексида Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясининг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Хусусан, 25 дан ортиқ ҳолатда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш Республика уч томонлама комиссияси иштирокида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, меҳнат шартномаларининг намунавий шакллари, ноқулай табиий-иқлим ва турмуш шароитли ҳудудлар рўйҳати, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, касбий стандартларни ишлаб чиқиш тартиби, шунингдек, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш каби масалалар ечимини топиш Республика уч томонлама комиссияси иштирокида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Учрашув давомида меҳмонлар мазкур йўналишларда амалга оширилаётган тизимли ишлар билан батафсил таништирилди.

Шунингдек, Корея Иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат Кенгаши делегацияси вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари ижтимоий шериклар билан биргаликда жамоа шартномалари ва келишувларини тузиш амалиётини такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишда муайян натижаларга эришгани, хусусан, мамлакатимизда бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида тузилган Бош жамоа келишуви, унинг асосида тузилган 14 та ҳудудий ва 103 та тармоқ жамоа келишувлари, ташкилотлар миқёсида эса турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар манфаатларини қамраб олувчи 127 мингдан ортиқ Жамоа шартномалари амал қилаётгани тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Мазкур ҳужжатлар асосида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида Ўзбекистонда тўпланган тажриба билан ўртоқлашилди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимидаги 31 та санаторий ва 100 га яқин болалар соғломлаштириш оросгоҳлари 7 миллион нафардан ортиқ касаба уюшма аъзолари ва уларнинг оила аъзолари хизматида эканлиги қайд этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг ижтимоий мулоқотни ривожлантириш борасидаги ютуқлари чет эллардаги турдош тузилмаларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бунга мисол тариқасида Корея Республикасининг Иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат кенгашини келтириш мумкин.

Учрашув давомида Корея Иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат Кенгаши делегацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Инсон қадри учун” тамойили асосида инсон манфаатларини таъминлаш ва меҳнаткашлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини, мамлакатимиз касаба уюшмалари ҳам мазкур жараёнга ҳамоҳанг равишда давлат органлари ва иш берувчилар билан ижтимоий шериклик асосида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоялаётганини эътироф этдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда жамоа шартномалари ва келишувлари лойиҳаларини уларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш, жамоа шартномаларининг ижтимоий нафини ҳисоблаш, шунингдек, ягона музокара жараёни қоидаларини жорий этиш борасида олиб борилаётган ишларга ижобий баҳо бердилар.

Ўз навбатида меҳмонлар Корея Иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат Кенгаши ходимлар ва иш берувчилар ташкилотлари, ҳукумат ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этадиган ва меҳнат, ишлаб чиқариш, иқтисодий, ижтимоий сиёсат бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадиган ижтимоий мулоқот органи эканлиги, Жанубий Кореяда ижтимоий мулоқотнинг музокаралар олиб бориш, жамоавий музокаралар юритиш, ахборот алмашиш, маслаҳатлашувлар ўтказиш, тўрт томонлама мулоқот каби турлари қўлланилиши хусусида маълумот бердилар.

Дўстона ва самий руҳда ўтган анжуман якунида Ўзбекистон Республикасининг Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссияси ҳамда Корея Республикаси Иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат Кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Корея Иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат кенгаш раиси Ги-Сеоб Квон Ўзбекистондаги Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссия  билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва ўзаро фикр ва тажриба алмашиш ҳар иккала томон учун ҳам фойдали бўлганини алоҳида таъкидлади. Бу борада ўзаро тажриба алмашинувни йўлга қўйиш орқали меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоялаш борасида кўплаб илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш имкониятлари яратилишини қайд этди.

Шундан сўнг “Ижтимоий  мулоқотни янада ривожлантириш ва  мустаҳкамлаш” мавзусида қўшма семинар ўтказилди. Унда Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Вон До Ён, Корея Иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат Кенгаши делегацияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари, Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси аъзолари бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иш берувчилар Конфедерацияси раҳбарлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раислари иштирок этдилар.

Қўшма семинарда даставвал Иқтисодиёт ва жамиятда барқарор ривожланиш, унда ижтимоий мулоқотнинг аҳамияти мавзусида фикр ва мулоҳаза алмашилди. Сўнгра, Ижтимоий мулоқот орқали миллий рақобатбардошликни ва меҳнатни бошқариш муносабатларини оширишнинг намунали мисоллари, Ўзбекистонда ижтимоий мулоқот таҳлили мавзуларида муҳокамалар бўлиб ўтди.

Ги-Сеоб Квон бошчилигидаги Корея Иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат Кенгаши делегацияси вакиллари Тошкент шаҳри,  Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги  саноат корхоналари ва бошланғч касаба уюшма қўмиталари, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар фаолияти билан ҳам танишдилар.

Дастлабки танишув объекти пойтахтимиздаги “UZAUTO-INZI” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Бу ерда меҳмонлар корхона раҳбарияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси раиси билан мулоқотда бўлиб, бошланғич касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ўртасида йўлга қўйилган ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқот тизими, Жамоа шартномасининг мазмун-моҳияти ва ушбу локал ҳужжат орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнатини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Шундан сўнг делегация вакиллари Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган “UZTEX GROUP” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида бўлиб, мазкур корхонада ижтимоий мулоқотни такомиллаштириш, Жамоа шартномаси бўйича амалга оширилаётган ишлар, касаба уюшма қўмитаси фаолияти билан танишдилар. Бу ерда касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ижтимоий шериклигида меҳнаткашлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишув жараёни делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Сўнгра Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Тошкент вилояти ҳудудий уч томонлама комиссияси аъзолари билан учрашдилар.

Самарқанд вилоятидаги ташкилотлар билан танишув жараёнлари Самарқанд шаҳар ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази – “KOICA” фаолияти билан танишишдан бошланди. Қизғин савол-жавобларга бой бўлган суҳбатлардан сўнг Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Самарқанд вилояти ҳудудий уч томонлама комиссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмонлар шунингдек, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги  тарихий обидалар, диққатга сазовор масканлар ва касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар билан ҳам таништирилди. Хусусан, пойтахтимиздаги Амир Темур музейи, Миробод бозори, “Magic city” парки  ва “Seoul moon” масканида бўлдилар.

Самарқанд вилоятида эса Амир Темур ва Хўжа Дониёр мақбаралари, Регистон майдони, Мирзо Улуғбек обсерваторияси каби тарихий масканлар, Афросиёб музейи билан танишдилар. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Севарсой” санаторийси фаолияти билан танишиб, ушбу сиҳатгоҳда дам олиб, саломатлигини мутаҳкамлаётган меҳнаткашлар учун кўрсатилаётган хизматлар ва яратилган шароитларни кўздан кечирдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари