[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

20.06.2025. Ўтган йилнинг декабрь ойида Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув»га мувофиқ, шу кунларда Қирғизистон касаба уюшмалари Федерациясининг бир гуруҳ меҳнат ҳуқуқ ва меҳнат техник инспекторлари юртимизда малака оширди.

Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмаларилари Федерациясининг Малака ошириш институтида ташкил этилган ўқув курси «Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги» ҳамда «Касаба уюшмалари фаолиятини ташкил этиш» йўналишларида бўлиб ўтди.

Машғулотларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

– Менга Ўзбекистон касаба уюшмаси тизимидаги жуда кўплаб тажрибалар манзур бўлди, – дейди Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнат ҳуқуқ инспектори Азиза Асанбекова.

– Жумладан, тизимда ягона рақамли платформа яратилгани ва унда барча ҳисоботлар, топшириқлар ва таҳлиллар жойланиб бориши жуда ёқди. Бу ишни соддалаштирибгина қолмай, шаффофликни ҳам таъминлайди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси – lex.uz нинг мавжудлиги, касаба уюшмалари тизимида ҳам қонунчилик ҳужжатлари базаси ижтимоий тармоқлар, телеграм каналларга жойланиб, Федерациянинг фаолияти ҳар тарафлама очиқ ёритилиши яхши экан. Маърузачиларнинг меҳнат муҳофазасини ташкил этиш, жамоатчилик назоратини олиб бориш ва унинг ҳуқуқий асосларига бағишланган дарслари биз учун жуда фойдали бўлди.

Қирғизистонлик ҳамкасблар, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Хусусан, пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи», «Тошкент сity» мажмуаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи ҳамда Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Зебо Намозова