24.06.2025. Куни кеча, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти бўлинмасининг Конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман вилоятдаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўтган беш йиллик фаолиятни таҳлил қилиш ва келгусидаги стратегик вазифаларни белгилаб олишга бағишланди.
Конференция ишида юртимизнинг нуфузли меҳмонлари — Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р. Бедилов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгаши раиси ўринбосари О. Рашидов иштирок этдилар.
Кун тартибига мувофиқ, тармоқ касаба уюшмаси вилоят бўлинмасининг 2020 йил августидан 2025 йил июнигача бўлган фаолияти тўғрисидаги ахбороти тингланди. Ахборотда вилоятда таълим соҳаси ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш, маданий-маърифий йўналишларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Музокараларда сўзга чиққан делегатлар касаба уюшмаси томонидан олиб борилган ишларни ижобий баҳолар экан, келгусидаги фаолиятни янада такомиллаштиришга оид амалий таклиф ва тавсияларини ҳам билдирди.
Анжуман давомида бир қатор муҳим ташкилий масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Жумладан:
-
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг бўлажак Қурултойига делегатлар сайланди;
-
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти конференциясида вилоят номидан иштирок этувчи делегатлар ҳамда ушбу ташкилотларга тармоқ касаба уюшмасидан вакиллар сайланди.
Мазкур Конференция Тошкент вилояти таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ташкилотлари фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Унда нафақат ўтган беш йиллик фаолиятга хулоса берилди, балки вилоят ташкилотининг мамлакат касаба уюшмалари ҳаракатидаги ўрни ва иштироки янада мустаҳкамланди.