[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

27.06.2025. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиз касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги олдидан “Касаба уюшмалари ёшлари – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” Республика ёшлар форуми ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсатига оид фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларига янада кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилган мазкур анжуманда Республикамизнинг турли ҳудудларидан 200 нафарга яқин турли соҳаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар иштирок этдилар.

Анжуман иштирочилари дастлаб пойтахтимиздаги Адиблар ҳиёбонида бўлиб, ўзбек тили асосчиси, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар.

Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, муносиб иш шароитлари ва меҳнат бозорида тенг имкониятлар яратиш, ёшларнинг ижтимоий масалалардаги фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада Ўзбекистонда ёшлар сиёсати борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар дунё миқёсида тан олинмоқда. Мамлакатимиз ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган давлатлардан бири, деб эътироф этилгани, Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан “Ёшлар стратегияси – 2030”ни намунавий тарзда амалга ошириш бўйича танлаб олинган 10 та мамлакатдан бири айнан Ўзбекистон эканлиги, 2022 йилда Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, 2024 йилда эса азим Тошкентимиз – Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги минтақасида биринчи ёшлар пойтахти деб эълон қилингани бунинг ёрқин далилидир.

120 йиллик тарихга эга бўлган ва бугунги кунда ўз сафларида 7 миллиондан ортиқ аъзони бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари аъзоларининг 50 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Шу боис, корхона, ташкилот ва муассасалардаги Жамоа шартномалари ва келишувларига Ёшлар манфаатлари ҳимоясига бағишланган алоҳида бўлим киритилиб, ёш мутахассисларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, улар учун имтиёз ва кафолотлар бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш йўналишларида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Форум давомида иштирокчилар Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш борасида барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижалари билан танишиш, ўз билим ва тажрибаларини ошириш, жамият тараққиёти учун долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш, касаба уюшмалари ҳаракатининг тарихий аҳамиятини англаш, шунингдек, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида амалий таклифлар ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлдилар.

Хусусан, ҳар бир ҳудуддан 14 нафардан ёшлар Ижтимоий етакчилик, Адабиёт ва шеърият, Ахборот технологиялари ва рақамли инновациялар, Тасвирий санъат ва дизайн, Мусиқий ижод ва ижро, Дизайн ва архитектура, Илмий тадқиқот ва инновация,  Фото ва видео ижод, Спорт ва жисмоний фаоллик, Миллий таомлар ва гастрономик туризм, Соғлом турмуш тарзи ва фаровон ҳаёт, Kасаба уюшмалари ёшлар ҳаракати етакчилари йўналишларида 30 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда, хусусан, Янги Ўзбекистон университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси,  Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтида бўлиб, улар фаолияти билан танишдилар. Танишиш асносида ёшларга соҳанинг тарихи ва Янги Ўзбекистонда ривожланиш тенденциялари, келгусидаги режалари, меҳнат бозоридаги иш ўринлари тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, улар учун маҳорат дарслари, тренинглар, тажриба алмашиш сессиялари ташкил этилди. Мазкур тадбирлар давомида, Форум иштирокчилари Президентимиз раҳбарлигида Республикада ёшлар учун яратилган имкониятлар ва шароитларнинг амалдаги ифодаси билан батафсил таништирилди. Шу билан бирга ёшларнинг инновацион ғояларини рўёбга чиқариш ҳамда стартапларини амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Форум доирасида ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, меҳнат бозорида муносиб ўрин топиш, касбий ривожланиш каби муҳим масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилди. Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида Форму иштирокчилари 3 гуруҳга бўлинган ҳолда тренер ва модераторлар раҳбарлигида ҳар бир йўналиш бўйича ўзларининг ғоя ва ишланмаларини ривожлантириб, тақдимотларини намойиш этдилар. Тақдимотлар якунида барча иштирокчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан махсус Сертификатлар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Форум доирасидаги тадбирлар “Нурафшон” спорт аренасида давом этди. Ёшлар байрами тусини олган тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари иштирок этиб, барча ёшларни 30 июнь – Ёшлар куни билан самимий қутладилар ва “Касаба уюшмалари ёшлари – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” Республика ёшлар форумида фаоллик кўрсатган, ғоя ва ишланмалари энг яхши деб топилган 10 нафар иштирокчига “Чинобод плаза” санаторийсига, 10 нафар ёшларга Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Қирғизистон Республикасининг Иссиққўл вилоятидаги Тон туманида барпо этилган “Бўстон” пансионатига бепул йўлланмалар билан тақдирланди. Шунингдек, Форумнинг 50 нафар фаол иштирокчисига Жиззах вилоятининг Зомин туманига саёҳат учун Сертификатлар топширилди.

Шундан сўнг Касаба уюшмалари ёшларининг ғоя, таклиф ва ташаббусларини ўз ичига олган Мурожаатномаси қабул қилинди ва ўқиб эшиттирилди.

Форум якунида иштирокчилар учун санъат усталари ва ёш ижрочилар чиқишларидан иборат гала концерт намойиш этилди.

Ушбу форум турли соҳаларда меҳнат қилаётган мамлакатимиз ёшларининг яқиндан мулоқот ўрнатиши, билим ва кўникмалари ҳамда маърифий даражасини ошириш учун кенг ва самарали майдон бўлиши билан бирга, ёшларнинг етакчилик қобилиятини ривожлантириш, касбий маҳоратини такомиллаштириш, долзарб масалаларда фикр юритиш ва уларга ечим топиш йўналишларидаги салоҳиятларини оширишда ўзига хос мактаб вазифасини ўтади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари