01.07.2025. Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимида хотин-қизлар масалалари бўйича сайёр йиғилиш ташкил этилди. Йиғилишда ҳудудий хотин-қизлар кенгашлари раислари, ҳамкор ташкилотлар ва соҳа фаоллари иштирок этди.
Айни пайтда ушбу тизимда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш ҳамда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Тармоқдаги корхона ва ташкилотларда 92 354 нафардан ортиқ хотин-қизлар меҳнат қилмоқда, шунингдек, тармоқ ўқув муассасаларида 35 578 нафар талаба қиз таълим олмоқда.
Шунингдек, жамоа шартномаларида хотин-қизлар учун қўшимча имтиёзлар ва кафолатлар назарда тутилган аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир 30 дан ортиқ фармон, қарор ва ҳукумат ҳужжатлари қабул қилингани таъкидланди. Бу орқали мамлакатимизда аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, гендер масалаларига катта эътибор қаратилаётгани, хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз менталитетининг ажралмас қисми экани қайд этилди. Кейинги йилларда эса аёлларни ардоқлаш борасидаги ишлар мутлақо янгича босқичга кўтарилгани мамнуният билан эътироф этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Ғойибназарова Нодира Баҳодиржонова “Барқарор ривожланишнинг 5-мақсади — гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш”га қаратилган ислоҳотлар, иш жойларида муносиб меҳнат шароитлари яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, репродуктив саломатликни сақлаш ва бошланғич ташкилотларда амалга оширилаётган ишларни муҳокама этди.
Тадбир давомида иштирокчилар корхона ва ташкилотларда хотин-қизлар учун яратилаётган меҳнат шароитлари, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдиришди.
Хулоса сифатида, бундай сайёр тадбирлар жамиятимизда хотин-қизларга бўлган эътиборнинг амалдаги ифодаси сифатида, уларни руҳлантириб, юксак натижаларга эришишга илҳом бахш этмоқда.