09.07.2025. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан бошланғич ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иш самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
Шу мақсадда Республика кенгаши масъуллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги бир қатор илмий-тадқиқот муассасаларида ўрганиш олиб борилди. Ушбу ўрганиш қуйидаги институтларнинг бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларини қамраб олди:
-
Умумий ва ноорганик кимё институти.
-
Ўсимлик моддалари кимёси институти.
-
Шарқшунослик институти.
-
Ботаника институти.
-
Миллий археология маркази.
Ўрганишдан асосий мақсад — ушбу бошланғич ташкилотларда касаба уюшмаси фаолиятининг Устав талаблари асосида тўғри ташкил этилганлигини таҳлил қилиш ва илмий ходимлар учун яратилган меҳнат шароитларини баҳолашдан иборат бўлди.
Жараён давомида иш юритиш ҳужжатлари, жамоа шартномаларининг бажарилиши, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш натижаларига кўра аниқланган камчиликлар ва йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш юзасидан бошланғич ташкилотларга амалий ва методик ёрдам кўрсатилди. Бундай ўрганишлар ташкилотлар фаолиятини такомиллаштиришга, аъзоларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш ҳамда илм-фан ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.