[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

10.07.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгашининг IX конференцияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, Ҳ. Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Покиза Ахмеджанова, касаба фахрийлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда делегатлар иштирок этди.

– Касаба уюшмалари халқ билан давлат ўртасидаги мустаҳкам кўприкка айланди. – деди анжуман иштирокчиларини муборакбод этаркан Эркинжон Турдимов, – аввалги касаба уюшмаси билан ҳозиргисининг фарқи ниҳоятда катта. Бу ташкилот шарофати билан санаторийларда дам олаётган оддий одамлар ва болалари оромгоҳларда соғломлашаётган камхарж ота-оналарнинг хурсандчилиги чексиз. Вилоят бўйича “Аёллар дафтари” тизими 5 босқичда жами 72 259 нафар хотин-қизлар муаммолари ҳал этилишида касаба уюшмасининг иштироки беқиёс.

100 нафар делегатдан 98 нафари иштирок этган конференцияда вилоят кенгашининг 2020–2025 йилларга оид ҳисоботи ҳамда вилоят касаба уюшмалари навбатдаги устувор вазифалари муҳокама қилинди. Кенгаш тафтиш комиссиясининг фаолияти тўғрисидаги ахборот ҳам эшитилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турдунмуродов ҳисобот қилди:

«Асосий эътибор бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ва туман ҳамда шаҳар кенгашлари нуфузи ва салоҳиятини кўтаришга қаратилмоқда. Бугунги кунда кенгаш тизимидаги 1 392 та бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти 198 591 нафар аъзони бирлаштирган».

Февраль ва март ойларида барча бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ҳамда бирлашган касаба уюшмаларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференциялар ўтказилди. Уларда жами 67 735 нафар ишчи-ходимлар иштирок этди. Янги сайланган 266 нафар бошланғич ташкилот раисларининг 40 %ини аёллар ташкил этди.

Анжуман иштирокчилари олти йил давомида касаба уюшмалари амалга оширган ишлар кўлами билан танишдилар. Конференцияда келгуси вазифалар ҳам батафсил муҳокама қилинди.

Делегатлар томонидан кенгаш раиси вазифасига икки номзод таклиф қилинди. Яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда 98 нафар делегатдан 93 нафари Рустамбек Турдунмуродовни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, кўпчилик овоз билан Ойбек Ашурматов ва Баҳодир Ҳамиджонов раис ўринбосарлари этиб сайланди.

Анжуманда ЎКУФ Қурултойига делегатлар ҳам сайланди.