[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

18.07.2025. Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилоятида барпо этилган “Бўстон Резорт” пансионати фойдаланишга топширилди

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан инсон қадрини улуғлаш ва халқ турмуши фаровонлигини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар изчиллик билан давом этмоқда. Бу борадаги хайрли ва эзгу ишларга  муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ишлари сифатини ошириш учун тизимдаги санаторийларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш билан бирга янги замонавий  сиҳатгоҳларни барпо этмоқда. Бугунги кунда Федерацияси тизимида 30 дан ортиқ санаторий фаолият кўрсатмоқда. Эндиликда ана шундай масканлар сони яна биттага кўпайди. Президентимиз ташаббуслари билан Щзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилоятида жаҳон стандартлари даражасидаги замонавий “Бўстон Резорт” пансионати барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Пурвиқор Тяньшан ва Ола-тов тоғлари орасида жойлашган ва дунёдаги энг йирик тоғ кўлларидан бири ҳисобланган Иссиқкўл Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридан 278 км жанубий шарқда, денгиз сатхидан 1610 метр баландликда жойлашган. Ҳаво харорати ёз ойларида ўртача 23 даража иссиқ, қиш фаслида эса максимал минус 10 даража атрофида бўлади. Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мўъжизавий кўлнинг жанубий қирғоғида жаҳон сатандартлари талаблари даражасида барпо этилаётган замонавий дам олиш ва соғломлаштириш мажмуасининг дастлабки босқичи сифатида фойдаланишга топширилган “Бўстон Резорт” пансионатининг фойдаланишга  топширилиши том маънода катта тарихий воқеа бўлди.

Қарийб ярим аср давомида қаровсиз қолиб кетган жойда амалга оширилган мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичида қисқа муддатда иккита 3 қаватдан иборат 200 ўринли замонавий  дам олиш маскани, 250 ўринли ресторан, 54х36 метр ўлчамдаги очиқ сузиш ҳавзаси, волейбол, футбол ва болалар майдончалари барпо этилди. Шунингдек, ташқи тренажёр ҳудуди, узунлиги 500 метрли пляж ташкил қилинди. Барча бино ва иншоотларга, люкс ва стандарт хоналарга эга меҳмонхонага сўнгги русумдаги қаттиқ ва юмшоқ мебеллар ҳамда жиҳозлар ўрнатилди.

Қурилиш ишлари жараёнида майда деталлардан тортиб, йирик жиҳатларгача алоҳида эътибор қаратилди. Бажарилаётган ишларнинг сифати қайта-қайта кўздан кечирилиб, барпо этилаётган иншоотларнинг дам олувчилар учун ҳар томонлама қулай бўлиши, улар учун юқори сифатли шароитлар яратилиши масаласи доимий диққат марказида бўлди.

Натижада дам олувчилар учун юқори қулайликка ва комфортга эга бўлган шароитлар яратилди. Хусусан, барча жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда барпо этилган пляж ҳудудида шу вақтгача ушбу ҳудуддаги дам олиш масканларида қўлланилмаган энг сўнгги русумдаги замонавий соҳил атрибутларидан фойдаланилди. Жумладан, соҳил бўйидаги ҳордиқ ўриндиқлари тагига сувга чидамли махсус тахта йўлаклар, чўмилувчилар учун шинам дам олиш айвончаларилари ҳамда ҳориж технологияси асосида қўёшдан нур олиб сувни иситувчи  сув пуркагичлар  ўрнатилди. Кўлнинг гўзаллигидан баҳра олиш учун сув сатҳига катта ўлчамдаги пристон ўрнатилди ва кўл бўйлаб саёҳат учун катерлар хизмати ташкил этилди. Табиатга зарар етказмаслик мақсадида ташқи оқова сувларни тозалаш иншооти мажмуадан 500 метр узоқликда қурилди. Ён-атрофда ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, арча ва турли дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтказилди.

Энг замонавий ва меъморий ечимлар асосида барпо этилган мазкур замонавий ҳордиқ масканининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, ҳамкор ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, халқимиз ардоғидаги ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият намоёндалари, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари мутасаддилари ва фаоллари, Ўзбекистон ва Қирғизистонлик меҳнат фахрийлари, нуронийлар  иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков сўзга чиқиб, Ўзбекистон билан Қирғиз Республикаси қардош давлатлар эканлиги, азалдан икки халқни бой дўстона қадриятлари, тили ва дини, тарихи, урф-одат ва анъаналари, маданияти боғлаб туриши, сўнгги йилларда икки Давлат Раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли ўзаро алоқалар моҳиятан янгича шакл ва мазмун касб этиб, яқин қўшничилик алоқалари ривож топиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси Президентлари томонидан икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга, кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи тарихий Декларация имзолангани қайд этилди. “Бўстон Ресорт” пансионатининг барпо этилиши ҳам икки давлат Раҳбарларининг сўнгги йилларда олиб бораётган фаол, ўзаро ишончга асосланган ташқи сиёсати, қардошлик ва яхши қўшничилик руҳидаги саъй-ҳаракатларининг амалдаги натижаси эканлиги эътироф этилди.

Мўътадил иқлимга эга Иссиқкўл курорт рекреацион зонасида Президентимиз ташаббуслари билан Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги олдидан халқимизга муносиб байрам туҳфаси сифатида топширилган “Бўстон Ресорт” пансионати нафақат минтақа туризмини янада ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш, балки иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳамда икки мамлакат халқларининг янада жипслашувига ҳам хизмат қилади. Тантанали тадбирда “Бўстон Резорт” пансионати мутасаддиларига янги дам олиш мажмуасининг рамзий калити топширилди.

Навбатдаги босқичда пансионат ҳудудида гастроэнторология, кардиология, неврология, эндокринология, урология, таянч-ҳаракат тизими ҳамда нафас йўллари касалликларини даволашга ихтисослашган ва жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ жавоб берувчи янги замонавий санаторийни барпо этиш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Шу мақсадда 200 ўринга мўлжалланган 7 қаватли бино қайта реконструкция қилинади ва жисмоний ҳамда сув билан даволаш бўлимлари, 200 ўринли ресторан, катта очиқ сузиш ҳавзаси барпо этилади. Яна бир муҳим жиҳат – барпо этилиши режалаштирилган ушбу санаторий ёзда ҳам, қиш мавсумида ҳам бирдек фаолият юритади.

Фойдаланишга топширилган “Бўстон Резорт” пансионати ва барпо этилаётган янги санаторий мажмуасида йилига 5000 нафарга яқин кишини дам олдириш ва соғломлаштириш имконияти яратилади. Икки томон учун ҳам манфаатли бўлган мазкур лойиҳанинг навбатдаги босқичи ишга туширилгач ҳудудда яна кўплаб янги иш ўринлари ва юқори рентабелли рақобатбардош туризм индустрияси яратилади.

“Бўстон Резорт” пансионати ўзбек ва қирғиз халқларининг мустаҳкам дўстлиги, ҳамкорлиги ва тараққиётининг яна бир ёрқин тимсолига айланди. Икки мамлакат Президентларининг бунёдкор саъй-ҳаракатлари билан бошланган ва икки қардош халқнинг эзгу мақсадларини ўзида мужассам этган ушбу лойиҳа мамлакатларимиз ва минтақамизнинг умумий келажаги учун хизмат қилади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари