18.07.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашининг IX конференцияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ўринбосари Абдуғаффор Салихов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ташкилий ишлар бўлими мудири ўринбосари Жаҳонгир Ихтияров, касаба уюшмалари фахрийлари ҳамда делегатлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими йиғилганларни конференция иши билан қутлади. Касаба уюшмалари вилоят Кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.
Ҳисобот ва амалий ишлар таҳлилига бағишланган конференцияда 2020–2024 йилларда вилоят кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар бўйича Кенгаш раиси Эркинжон Нуралиевнинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланишича, олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида 5 минг 125 та корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаси хизмати ташкил этилиб, уларда меҳнат қилаётган 181 минг 31 нафар ходимлар аъзоликка қабул қилинишига эришилган.
Айни пайтда, вилоят касаба уюшмалари ўз сафида қарийб 700 минг нафардан зиёд аъзоларни бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида 2 минг 269 нафар ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тикланиб, иш ҳақи ва бошқа тўловлар учун 17 миллард 794 миллион сўм маблағ ундирилишига эришилди.
Вилоятда сўнгги йилларда Касаба уюшмалари федерацияси томонидан 2 та муҳташам ва замонавий “Сўх” ва “Билимдон” оромгоҳлари қурилди. Ушбу оромгоҳларда ҳар йили мавсумда минг нафардан зиёд болажонлар мароқли дам олишмоқда.
Шунингдек, 35 мингдан зиёд ходимлар ва уларнинг оила аъзолари санаторийларда соғломлаштирилиб, улардан 12 минг 903 нафари имтиёзли ва 1 минг 56 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатликларини тикладилар. Бундан ташқари, 42 мингдан ортиқ болаларнинг оромгоҳларда дам олишлари ташкил этилгани, 97 мингдан зиёд ходимлар ва уларнинг оила аъзолари республикамиздаги диққатга сазовор қадамжоларга саёҳатлари ташкиллангани ҳам бу борадаги ишлар кўламининг кенглигидан далолат беради.
Ҳисобот даврида 82 минг нафардан зиёд ходимларнинг маданият муассасалари – театр, концерт музей ва кўргазма заллари, кинотеатрларга ташрифи уюштирилди.
Кейинги йилларда соҳада халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши қўшни Қирғизистон ва Тожикистон касаба уюшмалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши натижасида сўнгги йилларда қўшни мамлакатлардан 50 нафардан ёшларнинг вилоятимиздаги оромгоҳларда дам олиши анъана тусини олди.
Бундан ташқари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда касаба уюшмалари фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими орқали ўтган давр мобайнида мутасадди бошқармалар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда 400 мингдан ортиқ опа-сингилларимизнинг муаммоларини ижобий ҳал этишда касаба уюшмалари давлатимизга мустаҳкам таянч бўлиб майдонга чиққанини эътироф этиш жоиз.
Конференцияда сўз олганлар томонидан мазкур конференция ҳам вилоят касаба уюшмалари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим пойдевор бўлиши таъкидланди.
Конференцияда тафтиш комиссияси фаолияти ҳақида ҳам ахборот берилди. Шундан сўнг, келгуси беш йиллик фаолият учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
Анжуманда вилоят кенгаши раиси лавозимига икки номзод кўрсатилди. Муқобиллик ва яширин овоз бериш асосида ўтказилган сайлов натижаларига кўра амалдаги раис Эркинжон Нуралиев яна беш йиллик муддатга раис этиб сайланди. Шунингдек, Лолахон Аҳмедова ва Аброр Отабоевлар вилоят кенгаши раиси ўринбосарлари лавозимига сайландилар.
Анжуман якунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултойида иштирок этувчи делегатлар ҳам сайланди.
Шоҳсултон Тўхтаматов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслахатчиси