27.07.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиз касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 30 июль – Халқлар дўстлиги кунига бағишланган “Дўстлик” фестивали ўтказилди.
Маълумки, Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳаларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар замирида, кўп миллатли халқимиз, шунингдек, қардош халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик муҳитини сақлаш ва хорижий давлатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳим ўрин тутади. Зеро, турли халқлар ўртасидаги дўстликни ривожлантириш, тинчликни таъминлаш, маданий хилма-хилликни асраб-авайлаш ва қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар жамиятлар ўртасида кўприк вазифасини бажармоқда. Натижада, тили, дини, урф-одатлари турлича бўлган, қалблари эзгу ниятларга йўғрилган Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда туркий тилли давлатлар халқлари ўртасида дўстлик муносабатлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди.
Мамлакатимизда мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор лойиҳа ва акциялар амалга оширилмоқда. Федерация томонидан ташкил этилган “Дўстлик” фестивали ҳам ана шундай эзгу ташаббуслардан бири бўлди.
Фестивалда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари касаба уюшмалари ташкилотлари мутасаддилари, бадиий жамоалар, Ўзбекистондаги турли давлатларнинг миллий маданий марказлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар.
Қўшалоқ байрамлар — 30 июль Халқлар дўстлиги куни, Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги ва касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу фестивалнинг мақсади – қардош халқлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг маданияти ва санъати уйғунлигини намоён этиш, санъат орқали тинчлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдир.
Фестивал иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида миллий оркестр ижросидаги куй ва қўшиқлар билан кутиб олинди. Сўнг меҳмонлар фойеда ташкил этилган кўргазмалар билан танишдилар. Қирғиз маданияти кунларига бағишланган махсус экспозиция фестивалга янада кўрк бағишлади.
Тадбирда таъкидланганидек, БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ 30 июль Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланади. Федерация томонидан ташкил этилган фестивал ҳам дўстлик ва ўзаро ҳурмат рамзи бўлди.
Алоҳида эътироф этиш керакки, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва 16 та конфессия вакиллари тинч ва ҳамжиҳат ҳаёт кечирмоқда. Бугунги кунда касаба уюшмалари сафларига 7,5 миллиондан зиёд турли миллат вакиллари бирлашган. Улар ўртасида дўстлик, биродарлик ва ҳамжиҳатлик муҳити ҳукм сурмоқда. Федерация Миллий маданий марказлар ва Дўстлик уйлари билан ҳамкорликда маданий мулоқотни ривожлантирмоқда. Шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб шароит яратиш ва малака ошириш мақсадида қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Туркий тилли давлатлар, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Марказий Осиё мамлакатлари билан мунтазам учрашувлар ва тажриба алмашинувлари ўтказилмоқда. Натижада, Федерация ташаббуси билан Марказий Осиё касаба уюшмалари кенгаши ҳамда Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти тузилди.
Фестивал иштирокчилари, жумладан хорижий меҳмонлар, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан тинчлик ва ҳамкорлик йўлида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бердилар. Улар Тошкент шаҳри — дўстлик маркази, Ипак йўли қалби эканини алоҳида таъкидладилар.
Фестивал доирасидаги концертда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистондан ташриф буюрган жамоалар санъат намунаси билан иштирок этдилар. Шарқ мусиқий мероси, қўшиқ ва рақс гулдасталари, хусусан, муғом, қобиз, ва бошқа миллий ижролар намойиш этилди. Тантанани ўзбек санъати усталарининг гала-концерти якунлади.
Фестивал якунида иштирокчи жамоаларга дипломлар, статуэткалар ва эсдалик совғалари топширилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати