28.07.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши томонидан тизимли равишда маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.
Шу жумладан, жорий йилнинг 28 июль куни вилоят кенгаши тизимидаги тармоқ касаба уюшмалари ҳамда касаба уюшмалари таркибидаги ташкилотларда фаолият олиб бораётган ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
“Заковат” интеллектуал ўйинининг очилиш тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси С. Рафиқов иштирок этиб, иштирокчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи ҳақида қисқача маълумот бериб, барча жамоа иштирокчиларига омад тилади.
“Заковат” интеллектуал ўйинида вилоят кенгаши тизимидаги тармоқ касаба уюшмалари ҳамда касаба уюшмалари таркибидаги ташкилотларда фаолият олиб бораётган ходимлардан иборат 8 та жамоа ўзаро беллашди.
Ўтказилган беллашувда саволлар асосан меҳнат қонунчилиги, касаба уюшмалари фаолияти, умумий маданият, тарих ҳамда ўзбек ва жаҳон адабиётига оид бўлиб, интеллектуал ўйин қизғин ва курашларга бой тарзда ўтди.
Ушбу тадбир орқали касаба уюшмалари фаоллари нафақат ўз билимларини синовдан ўтказдилар, балки ўзаро тажриба алмашиш, дўстона муҳитда мустаҳкам алоқалар ўрнатиш имконига ҳам эга бўлдилар.
Қизиқарли ва ҳаяжонларга бой бўлган интеллектуал ўйинда 1-ўрин Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг “Педагог” жамоасига, 2-ўрин Металлургия ва машинасозлик саноати соҳалари ходимлари касаба уюшмасининг “Автомобилчилар” жамоасига, 3-ўрин эса Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмасининг “Тадбиркорлар” жамоасига насиб этди.
Ғолиб жамоалар касаба уюшмалари томонидан эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирландилар.