29.07.2025. Ўзбекистон ҳудудида қадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари баҳамжиҳат истиқомат қилиб келади. Халқимиз ҳаётида миллатлараро бағрикенглик чуқур тарихий илдизларга эга. Миллий, маданий хайрихоҳлик ўзбек халқининг ўзига хос фазилатига айланган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда “30 июль — Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши томонидан 2025 йил 29 июль куни Самарқанд шаҳридаги “Дўстлик” уйида вилоятимиздаги турли миллат ва элат миллий маданият марказлари раҳбарлари ва вакиллари иштирокида очиқ мулоқот учрашуви ташкил этилди.
Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Сухроб Рафиков очиб берди. Ўз сўзида мамлакатимизда миллатлараро дўстлик муҳити ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги сўнгги йилларда олиб борилаётган ишлар ҳамда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи ҳақида тўхталиб ўтди.
Учрашувда миллий-маданий марказлар фаоллари фаол иштирок этишди. Турк миллий-маданий маркази раиси Собир Расулов сўзга чиқиб, марказнинг вилоят касаба уюшмалари кенгаши билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширган ишлари, жумладан, Туркия давлатларининг касаба уюшмалари делегациясини Самарқанд шаҳрига ташрифи ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, “Polonez” поляклар миллий-маданий маркази раиси, вилоят кенгаши депутати Татаренко Тамара Павловна ҳам сўзга чиқиб, Халқлар дўстлиги — умуминсоний қадриятлар ва бирдамлик тамойилларига асосланишини таъкидлади.
Очиқ мулоқот якунида Самарқанд вилоятида яшаб, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, урф-одат ва анъаналарни асраш ҳамда уларни кенг тарғиб этишга ўз ҳиссасини қўшаётган жамоат ташкилотлари вакилларига “30 июль — Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши томонидан Хоразм вилоятига 3 кунлик бепул саёҳат сертификатлари топширилди.
Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган учрашув самимий ва савол-жавобларга бой рухда ўтди ҳамда келгусидаги ҳамкорлик вазифалари белгилаб олинди.