13.08.2025. Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгашининг ташаббуси билан Қорақалпоғистонлик 52 нафар ўғил-қиз Фарғона вилоятининг мафтункор табиат бағрида жойлашган “Тонг” болалар оромгоҳига ҳордиқ чиқариш учун таклиф этилди. Бугун улар катта тантана билан Фарғонада кутиб олинди.
Сўлим ва баҳаво гўшада жойлашган оромгоҳда Оролбўйидан келган болаларнинг мароқли дам олиши учун барча шароитлар яратилган.
— Болалар мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун пухта тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, мавсум давомида турли давра суҳбатлари, қизиқарли учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, викториналар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилади, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Аброр Отабоев. — Ўйлаймизки, Қорақалпоғистонлик ўғил-қизлар “Тонг”дан унутилмас таассуротлар билан қайтишади.
— Оромгоҳ менга жуда ёқди. Ҳамма жой салқин, ям-яшил экан, — дейди Бўзатовлик Байрамбек Қазахбаев. — Энди бу ерда тенгдошларим билан мазза қилиб ўйнаймиз.
— Бу ер мен ўйлаганимдан ҳам чиройли экан. Айниқса, манзарасини кўриб лол қолдим, — дейди яна бир Бўзатов туманидан келган Улзада Сарсенбаева.
— Ёзги таътилни Фарғонанинг сўлим гўшасида ўтказишимдан хурсандман, — дейди Ҳурлиман Эшмуратова. — Илк кунданоқ таассуротларимиз бир олам бўлди.
“Тонг”да ҳордиқ чиқараётган болаларнинг билим ва маҳоратларини ошириш учун футбол, шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол, расм, рақс, адабиётшунослик, рус ва инглиз тиллари каби тўгараклар ташкил этилган.
Шу билан бирга, масканда қизиқарли маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилади. Таниқли ижодкорлар билан учрашувлар, турли танловлар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши