[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

14.08.2025. Жорий йил касаба уюшмалари ҳаракати учун тарихий аҳамиятга эга бўлиб, 2025 йилда унинг 120 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, касаба уюшмаларининг барча даражадаги ташкилотларида “Касаба уюшмалари ҳафталиги” юқори савияда ташкил этилди. Тадбирларда жамоатчилик фаол жалб этилди ва фаолият юксак руҳда ўтди.

Айтиш жоизки, айнан шу йилда касаба уюшмалари ташкилотларининг ортда қолган беш йиллик фаолияти якунланди, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берилди ва келгуси беш йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди. Ҳисобот-сайлов йиғилишларида ташкилотларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги иштироки, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилган чоралар, жамоа шартномаларининг ижроси ҳамда касаба уюшмалари фаолиятининг бошқа муҳим йўналишлари атрофлича таҳлил қилиниб, тегишли хулосалар чиқарилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси Бош Кенгашининг 2024 йил 24 декабрдаги қарорига мувофиқ, 2025 йилда Ўзбекистон касаба уюшмаларида ҳисобот-сайлов кампанияси бошланди. Шу доирада жорий йилнинг 9 августи куни Федерациянинг “Малака ошириш” институти ўқув марказида Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмасининг V Қурултойи бўлиб ўтди.

Қурултойда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар конференцияларида сайланган делегатлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, ҳамкор ижтимоий шерик ташкилотлар — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ўзчармсаноат”, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ҳунарманд” уюшмалари, “Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси”, шунингдек, “Кўзи ожизлар” ва “Карлар” жамиятлари Марказий бошқарувлари, йирик компаниялар ва ташкилотлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ва меҳмонлар иштирок этди.

Тармоқ касаба уюшмаси фаолияти натижасида тизимдаги бошланғич ташкилотлар сони 2020 йилдаги 2 611 тадан 2025 йилда 3 261 тага, аъзолар сони эса 274 795 тадан 602 086 нафаргача кўпайди. Шундай қилиб, беш йил мобайнида аъзолар сони қарийб икки баробарга ортди.

Ҳисобот даврида касаба уюшмаси фаолияти ҳудудий ташкилотларнинг бошқарув самарадорлигини ошириш, ресурсларни марказлаштириш ва тизимни замонавий талабларга мослаштиришга қаратилди. Шу мақсадда ҳудудий бирлашган қўмиталар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди, уларнинг молиявий барқарорлиги таъминланди ва кадрлар салоҳиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

V Қурултойда 2021–2025 йиллардаги фаолият сарҳисоб қилинди, Тафтиш комиссияси ҳисоботи эшитилди ва ушбу масалалар юзасидан делегатлар Республика Кенгаши фаолиятини қониқарли деб баҳоладилар. Шунингдек, Уставга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар қабул қилиниб, 2025–2030 йилларга мўлжалланган стратегия маъқулланди.

Стратегияда Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси талаблари, гендер аудит ўтказиш, юридик шахс мақомига эга бўлмаган ташкилотларни ҳисобга қўйиш, жамоа шартномаларини ва ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, меҳнат муҳофазаси ва назоратини кучайтириш, аъзолар сафини кенгайтириш, аёллар ва ёшлар учун махсус ташаббуслар жорий этиш, хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш, фуқароларни соғломлаштириш ва самарали дам олишини ташкил этиш, халқаро тажриба ҳамда норма ижодкорлигида фаол иштирок этиш белгиланган.

Анжуманда қатор ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари Республика Кенгаши раҳбарияти, Тафтиш комиссияси янги таркиби, ижрочи органлар аъзолари, Федерация Бош Кенгашига вакиллар ҳамда Федерациянинг IX Қурултойига делегатлар сайланди.