10.09.2025. Тошкентда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) ҳамкорлигида ташкил этилган «Халқаро меҳнат стандартларини илгари суришда касаба уюшмаларининг роли: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциянинг биринчи куни бугун якунланди.
Халқаро анжуманнинг биринчи ялпи мажлисини Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Конференция ишида ХМТ, ХКУК, ХКУК Умумевропа минтақавий кенгаши мутасаддилари, 30 га яқин мамлакатдан нуфузли халқаро экспертлар ва йирик олимлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек Албания, Арманистон, Болгария, Бразилия, Грузия, Жанубий Африка Республикаси, Замбия, Корея, Кения, Латвия, Литва, Монголия, Молдова, Нигерия, Озарбайжон, Сомали, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Украина, Қирғизистон, Қозоғистон, Қувайт каби мамлакатлар касаба уюшма марказлари раҳбарлари иштирок этдилар. Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Парламенти аъзолари, Ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 60 дан ортиқ вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликлари журналистлари қатнашдилар.
Кенг қамровли мазкур анжуманнинг асосий мақсади — Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ўзбекистон–2030» Стратегияси доирасида юртимизда изчил татбиқ этилаётган янгича ижтимоий сиёсатнинг мазмун-моҳияти ва натижаларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш, шунингдек халқаро меҳнат стандартларини янада илгари суриш борасида тажриба алмашиш ва касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдир.
Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро конференция халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш масалалари бўйича таклиф ва фикрларни конструктив муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилди. Анжуман формати Ўзбекистоннинг очиқлиги, халқаро ва хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда амалиётга жорий этишга тайёрлигини намоён этди.
Халқаро анжуманда Қудратилла Рафиков Марказий Осиё минтақасида янги тамойиллар кучайиб бораётгани, кўп йиллик муаммоларни ҳал этиш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, аҳолининг барча қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун имкониятлар очилаётганини таъкидлади.
— Халқаро илмий-амалий конференцамизнинг аҳамиятини нафақат мавзу, балки глобал воқелик ҳам белгилайди, — деди Қудратилла Рафиков. — Биз меҳнат қонунчилиги ва стандартларинигина муҳокама қилмаймиз. Биз ҳар куни оиласини боқиш ва фарзандларининг муносиб келажагини таъминлаш учун ишга борадиган инсонлар тақдири ҳақида гапирамиз. Шу боис ҳам анжуманимизнинг мавзуси глобал аҳамиятга эга.
Қайд этилганидек, меҳнат соҳасининг келажаги ижтимоий адолат, тенглик ва иштироки тамойилларига асосланиб шаклланиши зарур.
Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Янги Ўзбекистон шароитида — дунёга очиқ, ислоҳотларга ва халқаро жараёнларга интеграциялашувга интилаётган мамлакатда — фаолият кўрсатмоқда. Янги Ўзбекистон қурилиши «Инсон шаъни ва қадр-қиммати, унинг бахти учун» тамойилига асосланган. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашиб, динамик алоқаларни ривожлантирмоқда ва халқаро бозорларга чиқмоқда. Интеграция — фақат сармоя ва савдогина эмас, балки юксак масъулият ҳамдир.
Пахта саноати мисолида таъкидландики, Президентнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли тармоқ тубдан янгича шакл касб этди: бир пайтлар Ўзбекистонга фақат хомашё базаси сифатида қаралган бўлса, бугун асосий вазифа — бутун таъминот занжири шаффофлигини таъминлаш (даладан тортиб Европа дўконларидаги пештахталаргача). Занжирнинг ҳар бир бўғини халқаро стандартларга мос келиши шарт. Бу шунчаки талаб эмас — мамлакатга бўлган ишонч ва обрў кафолатидир.
Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти 6 фоиздан юқори барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Сўнгги тўққиз йилда ялпи ички маҳсулот икки баробарга ошиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етди, экспорт ҳажми эса 26 миллиард долларни ташкил этди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан «Инсон манфаатлари барча нарсадан устун» тамойили ҳаётга татбиқ этилмоқда, аҳоли фаровонлигини изчил оширишга қаратилган мақсадли дастурлар амалга оширилмоқда. Янги ижтимоий ҳимоя модели яратилди: эҳтиёжманд аҳоли билан индивидуал ишлаш тизими йўлга қўйилди, 110 турдаги ёрдам ва хизматлар кўрсатилмоқда. Натижада камбағаллик даражаси 6,8 фоизга пасайди. Янги Ўзбекистон — ҳуқуқий давлат, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари ва қадр-қиммати устувор.
Анжуман иштирокчилари таъкидлашларича, Ўзбекистондаги ислоҳотлар мамлакатнинг янги тарихини бошлаб берди: ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа йўналишлардаги янгиланишлар дунё ҳамжамияти билан тўлиқ интеграцияга хизмат қилмоқда. Хусусан, ХМТ билан яқин ҳамкорликда қисқа вақт ичида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди, камбағаллик кескин қисқарди, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш тартиби соддалаштирилди, таълим, тиббиёт ва маданият ходимлари ҳамда бюджетдан молиялашадиган бошқа тармоқлар ходимларига меҳнат ҳақи тўлаш шартлари такомиллаштирилди.
Янги Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ривожланишида касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқда. Улар Ҳукумат ва иш берувчилар билан биргаликда ижтимоий мулоқотнинг асосий иштирокчиларига айланди. Бу тенг ҳуқуқли мулоқот барқарорлик, манфаатлар мутаносиблиги ва миллионлаб фуқаролар ҳаётини яхшилашнинг асосидир.
Анжуманда, шунингдек, бу йил Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатига 120 йил тўлиши қайд этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси 14 та тармоқ ва барча ҳудудлардаги 7 миллиондан ортиқ меҳнаткашни бирлаштирган йирик жамоат ташкилотидир. Ижтимоий шериклик асосида Ҳукумат, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида Бош жамоа келишуви, мамлакат миқёсида 100 дан ортиқ тармоқ ва 14 та ҳудудий жамоа келишувлари, корхоналарда эса 130 мингга яқин жамоа шартномалари тузилган ва амал қилмоқда. Тизимда касаба уюшмалари инспекцияси, юридик хизмат ва меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати самарали ишламоқда. Ёшлар, хотин-қизлар ва фахрийлар кенгашлари фаолият юритмоқда. Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида кенг кўламли соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Биргина 2024 йилнинг ўзида касаба уюшмалари инспекцияси томонидан фуқароларнинг 6 мингдан ортиқ мурожаатлари кўриб чиқилиб, 106 мингдан ортиқ меҳнаткашнинг ҳуқуқлари тикланди ва улар фойдасига 108 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.
Жорий йилда тизимда ўтказилган ҳисобот-сайлов кампанияси касаба уюшмаларининг ҳамжиҳатлиги, демократия, коллегиаллик ва фикрлар хилма-хиллигига содиқлигини намоён этди. Барча даражадаги органлар раҳбарлари ва ўринбосарлари муқобиллик асосида, яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Якунларга кўра, бошланғич ташкилотлар раҳбарларининг 20 фоизи, тармоқ бирлашган қўмиталари ва ҳудудий бўлинмалар раҳбарларининг 36 фоизи янгиланди.
Анжуманда глобаллашув, рақамлаштириш, геосиёсий кескинлик ва жаҳон савдосидаги узилишлар шароитида норасмий ва ностандарт бандлик ўсиши меҳнат бозори деформацияси, иқтисодий беқарорлик ва ижтимоий тенгсизликни кучайтираётгани таъкидланди. Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнатни таъминлаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро меҳнат стандартларини самарали жорий этиш зарурлигини янада оширмоқда. Касаба уюшмалари меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, музокаралар юритиш, қонун ижодкорлигида иштирок этиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали адолатли меҳнат муносабатларини шакллантиришга муҳим ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга, аҳоли бандлигини кенгайтириш бўйича ютуқларга қарамай, дунё аҳолисининг катта қисми самарали ижтимоий-иқтисодий сиёсат имтиёзларидан тўлиқ фойдалана олмаётгани қайд этилди.
Қайд этилганидек, рақамлаштириш ва сунъий интеллект миллионлаб иш ўринлари тақдирини белгиламоқда: дунё бўйлаб деярли ҳар тўртинчи ишчи касбий ўзгаришга дуч келиши мумкин. ХКУКнинг меҳнаткашлар ҳуқуқлари бўйича Глобал индексига кўра, дунёнинг беш ҳудудидан учтасида вазият ёмонлашган.
Мавжуд шароит касаба уюшмаларидан иқтисодий ўсиш натижаларини меҳнат ва капитал ўртасида адолатли тақсимланишини таъминлаш учун бандлик, иш вақти ва ижтимоий ҳимоя масалаларига жиддий эътибор қаратишни талаб этмоқда.
Иштирокчилар Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашаётгани, халқаро бозорларга чиқиши жадаллашаётганини таъкидладилар. Сўнгги саккиз йилда ЯИМ барқарор ўсиб борди. Бу натижалар Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, замонавий саноат мажмуаларини барпо этиш, «яшил» ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбалари, ахборот технологиялари, туризм ва молиявий хизматларни ривожлантиришга қаратилган узоқни кўзлаган сиёсатининг самарасидир. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, электротехника, машинасозлик ва фармацевтика соҳаларида ҳам катта ўзгаришлар кузатилди. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимоясига ажратилаётган маблағлар сезиларли ошди.
Ўзбекистон ХМТнинг 25 та конвенциясини, шу жумладан барча фундаментал ва устувор конвенцияларни ратификация қилган. Мустақилликнинг дастлабки 25 йилида 13 та конвенция, сўнгги саккиз йилда эса 12 та конвенция ва 1 та протокол ратификация қилинди. Янгиланган Конституцияда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни таъқиқлаш, камситмаслик, тенг қийматдаги меҳнатга тенг ҳақ, хавфсиз меҳнат шароитлари, йиллик ҳақ тўланадиган таътил ва пенсия таъминоти ҳуқуқлари каби қадриятлар мустаҳкамланди. «Касаба уюшмалари тўғрисида», «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Аҳоли бандлиги тўғрисида», «Аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Ратификация қилинган ва қилинмаган конвенциялар меъёрларини ҳам қамраб олган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинди.
Халқаро анжуман давомида миллий ва халқаро экспертлар халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш, инсон манфаатлари ва яшаш-меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлашда касаба уюшмаларининг бевосита иштироки, бандлик даражасини ошириш, ижтимоий ҳимоя ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тамойиллари бўйича фикр ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Хусусан, 1-сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева «ХМТ конвенцияларининг Ўзбекистон миллий ҳуқуқий тизимига имплементация қилиниши: амалдаги ҳолат ва истиқболлар» мавзусида маъруза қилди. Халқаро ташкилотлар мутасаддилари «ХМТ сиёсатини ишлаб чиқиш ва фаолиятида касаба уюшмалари муаммо ва манфаатларини ҳисобга олишда ACTRAV фаолияти» ҳақида сўз юритдилар. 2-сессия «Халқаро меҳнат стандартларини илгари суришнинг минтақавий ва соҳавий жиҳатлари»га бағишланди. 3-сессияда халқаро эксперт (Финландия) Кари Тапиола «Пахта далаларида ишончни мустаҳкамлаш: ХМТнинг Ўзбекистондаги фаолияти» мавзусида, хорижий касаба марказлари раҳбарлари «Миллий касаба марказларининг халқаро меҳнат стандартларини илгари суришдаги стратегия ва тактикаси» мавзусида маъруза қилдилар. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков «ХМТ билан ҳамкорликни ривожлантиришда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг роли» ҳақида сўзлади.
Шунингдек, анжуманда ACTRAV директори Мария Хелена Андрэ ва ХКУК Бош котиби Люк Триангл томонидан йўлланган видеомурожаатлар намойиш этилди.
Иштирокчилар Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар ҳар куни ва ҳар қадамда намоён бўлаётганини, ислоҳотлар барча жабҳа ва соҳаларни қамраб олаётганини таъкидладилар. Бу йўналишлар бўйича ишлар пухта ўйланган давлат дастурлари асосида амалга оширилмоқда.
Янгиланишлар жараёнида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси фаол иштирок этиб, меҳнаткашлар манфаатларини таъминлаш йўлида изчил ишлар олиб бормоқда. Мазкур тадбирлар Ҳукумат, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош жамоа келишувига киритилган. Тармоқ ва ҳудудий жамоа келишувлари ҳамда жамоа шартномалари ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади. Ушбу локал ҳужжатларга мувофиқ касаба уюшмалари ходимларнинг реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, меҳнат бозорида талаб етилган кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш, ишсиз фуқароларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш ишларида ҳамкорлик қилмоқда. Федерация дастурий ҳужжатларига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг манфаатларини ҳимоялаш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида давлат органлари ва иш берувчилар билан ҳамкорликда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бандликнинг ноанъанавий шаклларида меҳнат қилаётган шахслар ҳамда уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилмоқда.
Анжуманда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлардан келиб чиқиб, иштирокчилар ижтимоий мулоқотни кучайтириш, халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш, кучли ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини муҳокама этдилар.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский