17.09.2025. 2025 йил 15 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбир жамиятимизда илм-фан ва маърифат соҳасига бўлган эътибор ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари таълим-тарбия соҳасида фидокорона меҳнат қилиб келаётган устоз ва мураббийларни чин қалбдан табриклаб, уларга миннатдорчилик билдирди.
Президентимиз таълим тизимида самарали фаолият кўрсатаётган фидойи педагоглар, тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлагани, уларнинг хизматини алоҳида эътироф этгани барчамиз учун ифтихордир.
Сўнгги саккиз йил ичида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот 2 баробарга ўсди, таълим ва илм-фан соҳасига ажратилаётган маблағлар 6 баробарга кўпайди. Бу таълимнинг стратегик соҳалардан бири сифатида қаралаётганини кўрсатади. Бу эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва жамоатчилик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки меҳнаткашлар, айниқса, устоз ва мураббийларнинг меҳнати муносиб қадрланаётган жамиятда барқарор тараққиёт ва ижтимоий барқарорликка эришиш мумкин.
Мулоқотда давлатимиз раҳбари касбий таълим масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. 2026 йил – Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили деб эълон қилиниши ҳамда Касбий таълим агентлигининг ташкил этилиши бу тизим фидойиларини, шу жумладан, менинг ҳам қувонтирди. Негаки, тажриба ва кўникмаларим шу тизимда шаклланган, унинг барча бўғинларида – ишлаб чиқариш устасидан коллеж раҳбаригача бўлган йўлни босиб ўтганман ва бу машаққатларни ўз фаолиятимда ҳис этганман.
Ёшларга яратилаётган имконият – мамлакат тараққиётига хизмат қилади
Ҳурматли Юртбошимизнинг касбий таълимга бўлган бугунги эътибори, қўллаб-қувватлашлари ва имтиёзларни бошқа таълим турлари билан тенглаштиришлари техникумларга янги муҳит олиб киради. Халқаро стандартлар ва илғор касбий таълим дастурларининг жорий этилиши натижасида ёшларимиз хорижий таълим муассасаларидан қолишмайдиган техникумларда туризм, тиббиёт, қурилиш, логистика, иқтисодиёт каби йўналишларда касбларни эгаллайдилар. Улар меҳнат бозорида ўз ўрнини топиб, оилалар фаровонлиги, маҳаллаларда тинчлик, ота-оналар розилиги ва хотиржамлигини таъминлайдилар, жамиятда барқарорликни мустаҳкамлайдилар.
Педагогларни қўллаб-қувватлаш – моддий ва маънавий эҳтиром
Касаба уюшмалари тизими учун энг муҳим йўналишлардан бири – меҳнаткашларнинг ижтимоий ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдир. Президентимиз томонидан билдирилган ташаббуслар – педагоглар учун ипотека кредитларининг бошланғич бадалини қоплаш, фарзандларининг контракт тўловига чегирмалар бериш, компьютер хариди учун имтиёзли кредит ажратиш, давлат хизматлари тўловларини икки баробар камайтириш каби чоралар ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари, вилоятимизда мавжуд 25 та техникумдаги 1000 нафардан ортиқ муаллим ва усталарнинг малакасини ошириш ҳамда жамиятдаги мавқеини юксалтиришга қаратилган чоралар белгиланмоқда. Улар учун касбий сертификатлаш тизимининг жорий этилиши натижасида ишлаб чиқариш усталари ва ўқитувчилар ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан рағбатлантириладилар ва ўз ўрнида уларнинг салоҳияти янада ошади.
Хулоса ўрнида
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилоят Кенгаши таълим соҳасидаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Устоз ва мураббийларга кўрсатилаётган эътибор, ёшларга яратилаётган имкониятлар нафақат соҳа тараққиётига, балки бутун жамиятнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, ижтимоий шароитлари яхшиланар экан – бу мамлакатнинг ҳар томонлама тараққиёти ва келажак фаровонлигининг кафолати бўлади.
Назира Тоғаева
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши раиси