[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

07.10.2025. 7 октябрь куни Ўзбекистонда Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбир «Муносиб меҳнатни таъминловчи демократия учун» шиори ва «Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асосидир» мавзуси остида ташкил этилди. Унда касаба уюшмалари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари, давлат идоралари масъуллари, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси вакиллари онлайн тарзда қатнашди. Жами 100 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.

Семинарнинг асосий мақсади – муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, демократик тамойилларни мустаҳкамлаш ва профсоюзлар фаолияти самарадорлигини оширишдир. Тадбир доирасида меҳнат ҳуқуқлари, халқаро стандартлар, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси, рақамли трансформация даврида ёшлар учун имкониятлар каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

Муҳокамалар жараёнида қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди:

  • касаба уюшмаларида демократияни таъминлаш вазифалари;
  • ХМТнинг ACTRAV бюроси фаолияти;
  • халқаро меҳнат стандартларини илгари суришда профсоюзлар роли;
  • ёшлар ва муносиб меҳнат имкониятлари рақамли даврда;
  • 2025 йил учун Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни шиори.

Ҳар йили 7 октябрь куни дунё бўйлаб Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни (World Day for Decent Work) нишонланади. Ушбу кун 2008 йилдан бошлаб Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси (ITUC) ташаббуси билан йўлга қўйилган. Биринчи маротаба у 130 дан зиёд мамлакатда 50 миллионга яқин инсонни бирлаштирган.

Куннинг асосий даъватлари:

  • ҳар бир инсон хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитига эга бўлиши;
  • адолатли иш ҳақи ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
  • барқарор иш ўринлари ва ижтимоий кафолатлар яратиш;
  • аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлаш.

Муносиб меҳнат — бу иш ўрнига эга бўлишдан ташқари, инсон қадри, хавфсизлиги, тенглиги ва адолатини таъминлайдиган меҳнат шароитидир. Бугунги кунда дунёда миллионлаб инсонлар ҳануз хавфли меҳнат шароитида ишламоқда.

Семинар иштирокчилари муносиб меҳнатни таъминлаш ва демократик қадриятларни ривожлантириш борасида ҳамкорликдаги ишлар давом эттирилишини таъкидлаб ўтдилар.