07.10.2025. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни муносабати билан эълон қилинган “Муносиб меҳнат хафталиги” доирасида “Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асосидир” мавзуида видеоконференц алоқа форматидаги семинар ўтказилди.
Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ташаббуси билан дунёнинг барча мамлакатларида нишонланадиган Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган мазкур тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси экспертлари, бир қатор вазирлик ва идоралар, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари мутасаддилари, Малака ошириш институти ўқув курсидаги тингловчилар иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги 9 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барча соҳаларда бўлганидек, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни муносиб иш жойи билан таъминлаш, даромадларини ошириш, турмуш шароитларини янада яхшилашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Барча саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратиш ва имкониятларни кенгайтиришга қаратилмоқда.
Барчамизга маълумки бугунги кунда дунё миқёсида рақамли технологиялар, автоматизация, роботизация, сунъий интеллект каби ўзгаришлар шиддат билан меҳнат бозорига кириб келмоқда. Бунинг натижасида ютуқлар билан биргаликда ўзига яраша муаммолар ҳам юзага келмоқда. Шу билан бир қаторда рақамли технологиялар ривожланган сари платформали бандлик ҳам кенгайиб бормоқда.
Муносиб меҳнат нафақат ижтимоий адолат тамойилларини балки иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва ривожланишини, жамиятда манфаатлар уйғунлигини таъминловчи омил бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда муносиб меҳнатни таъминлаш бўйича мамлакатимизда халқаро меҳнат стандартлари ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотлари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқот йўлга қўйилган. Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида мунтазам равишда “Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури” тузиб келинмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг 25 та конвенцияси, шу жумладан, барча 10 та фундаментал ва 4 та устувор конвенциялари ратификация қилинди. Биргина 2024 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг 5 та муҳим конвенциялари ратификация қилинди.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош жамоа келишуви, шунингдек, тармоқ ҳамда ҳудудий жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларга муносиб иш ҳақи тўланишини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2023-2025 йиллар учун имзоланган Бош жамоа келишувида меҳнаткашларнинг реал иш ҳақи ва даромадларини оширишга, ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улушини 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб туришга доир чоралар кўриш масаласи киритилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, республика бўйича корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициентини кўтариш чоралари кўрилиши натижасида бир неча юз минглаб ходимнинг иш ҳақи оширилишига эришилган.
Касаба уюшмалари томонидан иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши юзасидан ҳам жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Шунингдек, Касаба уюшмалари томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимларга тўланаётган иш ҳақининг улар малака даражасига мувофиқлиги бўйича мониторинглар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар томонидан кафолатланган энг кам иш ҳақи миқдорига риоя этилиши ҳолати юзасидан жамоатчилик назорати амалга оширилмоқда.
Семинарда Халқаро меҳнат стандартларини илгари суришда касаба уюшмаларининг вазифалари, Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси муносиб меҳнатни таъминловчи омиллардан бири сифатида, Ёшлар ва муносиб меҳнат рақамли трансформация даврида: касаба уюшмаларининг вазифалари хусусида ҳам сўз борди.
Семинар якунида Муносиб меҳнат Концепцияси таянувчи тўртта муҳим мақсад, шу жумладан, бандлик ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш йўналишларида ижтимоий шериклик асосида амалга оширилиши лозим бўлган галдаги вазифалар ҳам муҳокама этилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари