16.10.2025. Мамлакатимизда касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ҳам мазкур йўналишда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
– Вилоят ҳокимлиги, ҳамкор ташкилотлар билан тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 1 та ҳудудий, 47 та тармоқ жамоа келишуви ҳамда 11 минг 349 та корхона ва ташкилотларда қабул қилинган жамоа шартномалари доирасида зарур ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилоят кенгашининг меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Эргашали Тешабоев. – Ана шу келишув ва шартномалар асосида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва интеллектуал манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва соғломлаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Жамоа шартномалари ва келишувларга асосан меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида жамоа шартномаларида ходим ҳамда иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш тартиби тўла жорий этилди. Ушбу тартиб корхона ва ташкилотлардаги 375,5 минг нафардан зиёд ходимларга татбиқ этилди.
Вилоятдаги корхона ва ташкилотларда 4 минг 873 нафар ходим ҳамда уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун 5 миллиард 159 миллион 800 минг сўм миқдорида маблағ сарфланди.
Бандлик бош бошқармаси, туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш марказлари ва бошқа ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилган 164 та “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари”да касаба уюшмалари ташкилотлари фаол иштирок этди. Ўтказилган ана шу меҳнат ярмаркаларида 6,5 минг нафарга яқин фуқаро иштирок этди, шундан 4 минг 259 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, 818 нафар фуқарога меҳнат қонунчилиги ва бошқа масалаларда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ўтган давр мобайнида 147 та корхонадаги 238 нафар пенсия ёшидаги фуқарога 132 миллион 209 минг сўм, 543 та корхонада 960 нафар ишламайдиган пенсионерга 348 миллион 31 минг сўм миқдоридаги моддий ёрдамлар кўрсатилди. Юбилей саналари муносабати билан 158 та корхонада 251 нафар ходимга 127 миллион 250 минг сўм миқдоридаги совғалар топширилди.
Шунингдек, байрамлар муносабати билан 75 та корхонада ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож шахсларнинг 101 нафарига 55 миллион 974 минг сўм, икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун корхоналарда 218 нафар аёлга 124 миллион 387 минг сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Тармоқ корхоналарида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 2 минг 328 нафар фарзандига 307 миллион 230 минг сўм миқдоридаги ўқув қуроллари харид қилиш харажатлари қоплаб берилди.
Нодавлат мулк шаклидаги 114 та корхона ва ташкилотда ишлаётган 181 нафар болали аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган тарзда белгиланди.
Вилоятдаги корхоналарда 1 минг 414 та кам таъминланган ёш оила вакилларига 741 миллион 40 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган кам таъминланган ва чин етим 41 нафар талабага контракт тўловининг бир қисмини тўлаш учун 324 миллион 741 минг сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.
Уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун 44 та ёш оилага 319 миллион 700 минг сўм фоизсиз ссудалар ажратилди. 24 нафар ёш ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматни ўташи учун тўланадиган маблағни қоплашга 111 миллион 212 минг сўм фоизсиз ссудалар берилди.
Касаба уюшмалари масъул ходимлари томонидан 96 та корхона, ташкилот ва муассасада иш берувчиларнинг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига амал қилиниши ҳолати ўрганилиб чиқилди. Бу борада қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмади. Иш берувчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш меъёрларининг энг кам миқдори юзасидан зарур тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик, ходимларга тўланаётган иш ҳақи уларнинг малака даражасига мувофиқлиги бўйича ҳам мониторинг ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик, ходимларга малака даражасидан паст ҳақ тўлаш ҳолатлари аниқланмади.
Аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилди. Хусусан, Бандлик бош бошқармаси тақдим этган маълумотлар таҳлил этилганида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйилган 4 минг 968 та иш ўрнига ана шу тоифага кирувчи 2 минг 785 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилди.
Зарарли, хавфли ва ноқулай меҳнат шароитларида ишловчи ходимларнинг меҳнат шароитлари, уларнинг зарур кийим-бош, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши борасидаги ишлар ҳам доимий равишда ўрганиб келинмоқда.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликлари таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш бўйича доимий жамоатчилик назорати ва мониторинги йўлга қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан юқоридаги каби ишлар тизимли ва режа асосида олиб борилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад меҳнаткашлар, касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашдир.
Фахриддин Убайдуллаев
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА