01.11.2025. 2025 йилнинг 1 ноябрь куни пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойи бўлиб ўтди.
Қурултой ишига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков раислик қилди.
Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, сенаторлар, касаба уюшмаларининг ижтимоий ҳамкорлари бўлган кўплаб вазирлик, идоралар раҳбарлари, нуронийлар, белгиланган вакиллик меъёрига мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойига сайланган делегатлар, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ва Халқаро меҳнат ташкилоти вакили Гоча Александрия иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойи очиқ деб эълон қилингач, Қурултой раёсати ва ишчи органлари таркиби, кун тартиби ва иш тартиби тасдиқлаб олинди.
Қурултойда даставвал Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари: Федерациянинг 2021-2025 йиллардаги фаолияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида миллий тараққиётнинг янги босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари тўғрисида” маъруза қилди.
Маърузада охирги 8-9 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган туб ислоҳотлар, инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар натижасида халқимиз турмуш фаровонлиги ошиб, инсонларнинг эртага эмас, бугун яхши яшаши таъминланаётгани алоҳида таъкидланди.
Қайд этиш зарурки, Федерациянинг 9-Қурултойи касаба уюшмалари учун тарихий бўлган кунларда бўлиб ўтмоқда. Чунки, касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳа ходимлари ва фаоллари билан ўтказган мулоқоти, чин маънода, тарихий ҳодиса бўлди. Зеро Давлат Раҳбарининг касаба уюшма фаоллари билан бундай кенг форматли учрашуви илк бора ўтказилди ва юксак эътибор кўрсатилди.
– Ўтган давр Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас ва зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий давр бўлди десам, айнан ҳақиқатни айтган бўламан, – дея таъкидлади Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков ўз маърузасида. – Айниқса, касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи арафасида Президентимизнинг соҳа ходимлари ва фаоллари билан ўтказган мулоқоти чин маънода тарихий ҳодиса бўлди. Учрашувда Давлат раҳбари “Ҳеч шубҳасиз, биз эришаётган натижаларда 8 миллион аъзога эга, энг халқчил ва катта нодавлат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор” дея эътироф этганлари фаолиятимизга юксак баҳо бўлди. Шу маънода, биз икки карра бахтли инсонлармиз. Чунки бир томондан 120 йиллик шонли тарих билан юзма-юз келиш тақдирнинг бир туҳфаси бўлса, Миллат Лидерининг меҳрига муносиб кўрилиш иккинчи улкан бахтимиздир!
Маърузада таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллик тарихи билан боғлиқ ва Қурултой бўлиб ўтаётган муҳташам Касаба уюшмалари Саройида:
1905-1907 йилларда Туркистон касаба уюшмаларининг илк таъсис йиғилиши;
1920 йилда Туркистон Республикаси касаба уюшмалари II Съезди;
1925 йил март ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Кенгашининг (Узсофпроф) I Қурултойи бўлиб ўтган эди.
Бу фактлар мамлакат касаба уюшмалари бугунгача қанчалик шонли йўлни босиб ўтганига яна бир далилдир. Яна бир муҳим жиҳат – Касаба уюшмаларининг узоқ ўтмишига гувоҳ бўлган мазкур Сарой Янги Ўзбекистон даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан касаба уюшмалари тасарруфига берилганидир.
Кейинги тўққиз йилда Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилган улкан ислоҳотлар мамлакат ва халқимиз ҳаётида кескин бурилиш ясади.
Ҳисобот маърузада таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 9-Қурултойи жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонни “Янги Ўзбекистон” деб ва Учинчи Ренессанс даврига шахдам ва дадил қадам қўяётганини эътироф этаётган ғоят муҳим бир даврда ўтмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда шаклланган Янги тизим – ҳалқимизни бахтли қилиш тизими ўзини тўла оқламоқда.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишларидаги тизимли саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг равишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтган ҳисобот даврида фаолиятнинг устувор йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган даврда Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари шаклланди дейишга тўла асослар бор.
Қурултойда ҳисобот даврида амалга оширилган ишларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг касаба уюшма фаоллари билан учрашувда билдирган фикрларидан келиб чиқиб, олдинда турган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ҳисобот даврида сафи 8 миллионлик касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш билан бирга меҳнат соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлган 2,5 мингдан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича таклиф ва тавсиялар киритдилар. Жумладан, Касаба уюшмалари Федерациясининг бевосита иштирокида Халқаро меҳнат ташкилотининг талаблари ва тавсияларига жавоб берадиган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги ҳамда “Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши касаба уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаб берди. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар манфаатлари билан боғлиқ Конвенциялари ратификация қилинишида фаол иштирок этилди.
Тизимда Меҳнат инспекциясининг ташкил этилгани жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Ҳисобот даврида касаба уюшмалари инспекторлари томонидан 13 мингдан зиёд ташкилотда қарийб 46 мингта камчилик аниқланди ва уларнинг 39 мингдан ортиғи бартараф этилди. Жамоатчилик назорати орқали қарийб 500 минг нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланиб, улар фойдасига
267 млрд. сўм ундириб берилди.
Ижтимоий шерикликни ривожлантириш соҳасидаги ишлар борасида музокара ва маслаҳатлашувлар асосида ижтимоий-меҳнат соҳасига оид долзарб масалалар ҳал этилди. Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши туфайли меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори қайта кўриб чиқилиб, ўтган беш йил ичида бу миқдор 2 баробарга ошди.
2025 йил 1 январга келиб, жамоа шартномалари сони 2021 йилдаги 110 мингдан 127 мингтага, қамраб олинган ходимлар сони эса 4,3 млндан 5 млн. 540 минг нафарга етди. Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 960 мингдан ортиқ аёллар, кексалар ва ёшлар манзилли қўллаб-қувватланди.
Бугунги кунда жамоа шартномалари ходимлар учун бандлик ва муносиб меҳнат кафолатларини белгилаш, иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланган. Тузилган жамоа шартномаларининг барчасида ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш талаби киритилган.
2024 йил якунларига кўра республика бўйича 32 минг 251 та корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициэнти кўтарилган бўлиб, бу орқали 1 млн. 342 минг нафар ходимнинг иш ҳақи оширилишига эришилган. Жамоа шартномалари орқали 101 минг 159 нафар ходимга тўлиқсиз иш вақти шароитида ишлаш, 2 млн. 635 минг нафар ходимга асосий узайтирилган, 4 млн. 257 минг нафар ходимга эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланиш имконияти яратилган. Шунингдек, 80 мингдан зиёд ташкилотда жамоа шартномалари асосида ижтимоий таътиллар белгиланган ва улардан фойдаланган ходимлар сони қарийб 2,5 млн. нафарни ташкил этади.
Таҳлилларга кўра, жамоа шартномаларида ходимлар учун қўшимча имтиёзлар киритилиши натижасида, республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ 10 млн. 89 минг сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 2 баробарга ортган.
Аҳолининг кам таъминланган қатламлари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Аёллар дафтари” орқали 4,5 миллион нафар кам таъминланган аёлга ёрдам кўрсатилди. Мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида 969 та кооперация усулидаги лойиҳа туфайли 124 мингдан зиёд аҳоли, жумладан, 90 мингдан ортиқ аёллар бандлиги таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди. Гендерга оид аудит ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиб, 5 та вазирлик ҳамда унинг таркибий тузилмаларида гендерга оид аудит ўтказилди. Федерациянинг “1211” Ишонч телефонига хотин-қизлардан тушган 200 мингдан зиёд мурожаатнинг 99,6 фоизида кўтарилган масалалар ҳал этилди.
Таъкидлаш зарурки, касаба уюшмалари кейинги тўққиз йилда асрий янгиланишларнинг гувоҳи бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёв ташаббуси билан 11 ноябрнинг “Касаба уюшмалари куни” деб эълон қилиниши касаба уюшмалари тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилди.
2021 йил “Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи” музейи ташкил этилди. Илмий изланишлар натижасида мамлакатимизда илк касабачилик ҳаракати 1905 йилда бошланганлиги ва бу йил унинг ташкил этилганига 120 йил тўлиши архив ҳужжатлари асосида ўз тасдиғини топди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихида илк бор, 2025 йилда ўтказилган сайловларда барча даражадаги касаба уюшмалари органлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Айни ташаббус Ўзбекистон касаба уюшмаларининг халқаро даражадаги нуфузини оширди.
Ўз сафларида 8 миллионлик аъзони бирлаштирган касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Малака ошириш институти бугун соҳа мутахассислари учун ихтисослашган таълим муассасасига айланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфида Марказий Осиёда ягона Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил этилди. Мазкур Академия бугунга келиб, соҳа учун етук мутахассислар тайёрлашда муҳим платформа вазифасини бажармоқда.
Бугунги кунда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Касаба уюшмалари бу борада катта тажриба ва салоҳиятга эга. Ҳисобот даврида ушбу йўналишда барча имкониятлардан кенг фойдаланилди. Рақамларга мурожаат этсак, мамлакатимиз мустақилликка эришган 1991 йилдан 2017 йилгача ўтган 26 йил давомида касаба уюшмалари тизимида 1 та янги санаторий қурилган бўлса, охирги тўққиз йилда 14 та янги санаторий қурилиб, фойдаланишга топширилди ва яна 10 га яқини реконструкция қилинди. Натижада ўринлар сони 2017 йилга нисбатан 2 минг 43 тага ошиб, йилига қўшимча 60 мингдан ортиқ аҳолини соғломлаштириш имкони яратилди.
Ҳисобот даврида Федерация тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида 900 мингга яқин фуқаро соғломлаштирилди, уларнинг 43 фоизига имтиёзли йўлланмалар ажратилиб, саломатлиги мустаҳкамланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ 2022 йилда Федерация тизимида Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилди. Фаолиятини тўхтатган ёки самарасиз ишлаётган 82 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи мазкур Қарор асосида Федерация балансига ўтказилди ва тасарруфдаги оромгоҳлар сони 110 тадан ошди. 2020-2025 йилларда 9 та янги болалар оромгоҳи қурилди, 76 таси капитал таъмирланди. 2021-2025 йиллар ёз мавсумида 1 млн. 545 минг нафардан зиёд бола, шу жумладан, уларнинг 800 минг нафари стационар, 700 минг нафардан зиёди кундузги оромгоҳларда соғломлаштирилди.
Федерациянинг “Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси” фаолиятини кенгайтириш соҳасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2024 йилда “Яккасарой” спорт-соғломлаштириш мажмуасида халқаро талабларга жавоб берадиган сув спорти саройи фойдаланишга топширилди. Яратилаётган шарт-шароитлар касаба уюшмалари спортчиларининг халқаро мусобақаларда юксак марраларни эгаллашлари учун замин яратди. Натижада сўнгги йилларда касаба уюшма спортчилари Олимпиада, Жаҳон ва Осиё чемпионатларида 123 та олтин, 130 та кумуш ва 72 та бронза медалларини қўлга киритдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Халқаро касаба уюшмалари ҳаракатидаги нуфузи ортиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош директори Жильберт Унгбо Ўзбекистонга ташрифи доирасида мамлакатимиз тажрибасини халқаро миқёсда ўрганиш ва қўллаш учун муваффақиятли модель сифатида кўраётганини таъкидлагани, касаба уюшмалари фаолиятига берилган юксак баҳо бўлди.
Ҳисобот даврида Халқаро ҳамкорлик кучайтирилди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан 2021 йилда Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилди. 2023 йилда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия иштирокида Туркий Давлатлар касаба уюшмаси ташкилотига асос солинди.
2024 йил октябрь ойида салкам 300 миллионга яқин аъзоси бўлган Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ушбу нуфузли ташкилот билан ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш борасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани муҳим қадамлардан бири бўлди.
2024 йил декабрь ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 169 та давлатнинг 333 та касаба уюшмаларини бирлаштирган ҳамда 250 млн. нафардан зиёд аъзога эга Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилингани мамлакатимиз касаба уюшмаларининг глобал касаба уюшмалари ҳаракатида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб бораётганини намойиш этди.
Ҳисобот-маърузада келгусида Ўзбекистон касаба уюшмалари олдида турган режа ва мақсадларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, тармоқ ва ҳудуд даражасидаги ваколатли органларнинг қабул қилаётган меъёрий ҳужжатлари лойиҳаларида касаба уюшма аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш тармоқ касаба уюшмалари ҳамда ҳудудий Кенгашларнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолиши зарурлиги таъкидланди.
Меҳнат муҳофазасига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил қилиш соҳасидаги ишларни ҳам кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Хусусан, Тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ҳамкор вазирлик, идоралар билан ижтимоий шерикликни кучайтириши, бу йўналишда меҳнат инспекторларининг масъулиятини ошириш чораларини кўриш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларнинг меҳнат соҳасидаги масалаларда таъсирини ошириш олдинда турган муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади. Бу борада Президентимиз касаба уюшмалари олдига аниқ вазифа қўйдилар. Унга кўра, келгуси йилдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатларини тайёрлаш жараёнига Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиясини ҳам жалб қилиш топширилди. Мазкур янгича ёндашув ушбу масалада ходимлар манфаатини кафолатли ҳимоя қилиш имконини беради.
Бу борада Муҳтарам Президентимизнинг вазирлик ва идоралар ҳамда тармоқ касаба уюшмалари коллегиал органларининг қўшма йиғилишини доимий равишда ўтказиб бориш, тармоқ касаба уюшмалари раисларини вазирлик ва идоралар хайъати аъзолигига киритиш таклифлари айни муддао бўлди. Бу – қўшма мажлисларда тармоқ жамоа келишувлари ва шартномаларининг бажарилиши, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва бошқа ижтимоий масалаларни муҳокама қилиб бориш ва ечимини топиш имконини беради.
Сирасини айтганда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳисобот даврини салмоқли натижалар билан якунламоқда. Энг асосий ютуқ – меҳнаткашлар ҳимоячиси бўлган касаба уюшмаларига аҳолининг ишончи тобора ортиб бораётганидир. Чунки, Федерация нафақат давлатнинг ижтимоий ҳамкори, балки меҳнаткашлар манфаатларини қатъий туриб ҳимоя қила оладиган фуқаролик институти сифатида ўзини кўрсатди.
Қурултойда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссиясининг 2021-2025 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам тингланди.
Ҳар иккала масала юзасидан бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнида сўзга чиққан делегатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятига баҳо бериш билан бир қаторда Назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботи бўйича ҳам ўз муносабатларини билдирдилар.
Шундан сўнг Қурултой номига қатор Халқаро ташкилотлар, кўплаб ҳорижий давлатларнинг касаба уюшмалари миллий марказларидан йўлланган табриклар ўқиб эшиттирилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Бош жамоа келишуви ҳар уч йилда имзолаб келинмоқда. Мазкур келишув Ўзбекистон Республикасида келишилган ҳолда ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб боришнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи ҳужжат ҳисобланади. 2023-2025 йиллар учун Бош жамоа келишувининг амал қилиш муддати тугаётганлиги сабабли Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси томонидан 2026-2030 йиллар учун янги Бош жамоа келишуви лойиҳаси тайёрланиб, унда “Ўзбекистон 2030” стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан 2025 йил 17 октябрь куни ўтказилган учрашувида билдирган таклиф ва тавсиялари ҳам ўз аксини топди. Келишув лойиҳаси манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан келишиб олинди ва имзога тайёрланди.
Қурултой доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Иш берувчилари конфедерацияси раиси Отабек Ашуров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков томонидан янги Бош жамоа келишувини имзолаш маросими ўтказилди.
Қисқа танаффус вақтида Саноқ комиссияси мажлиси ўтказиб олинди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан муҳокамаларда сўзга чиққан делегатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳисобот давридаги фаолиятини қониқарли деб топиш таклифини киритдилар. Ушбу таклиф барча делегатлар томонидан тасдиқланиб, бир овоздан қабул қилинди. Шундан сўнг кун тартибидаги биринчи масала бўйича Қурултой қарори лойиҳаси юзасидан таҳрир комиссиясининг таклифлари эшитилди ва қарор қабул қилинди.
Шунингдек, сўзга чиққан делегатлар Назорат-тафтиш комиссиясининг ҳисоботини тасдиқлаш таклифини киритдилар ва ушбу таклиф Қурултой делегатлари томонидан тасдиқланди ҳамда ушбу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг Қурултой кун тартибидаги сайловлар масалалари, яъни, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ва унинг ўринбосарларини, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгаши, Ижроия қўмитаси, шунингдек Назорат-тафтиш комиссияси таркиби ва раисини сайлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида Низомга мувофиқ Федерация раиси ва раис ўринбосарлари сайлови яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди.
Энг аввал Федерация раиси сайлови бўйича яширин овоз бериш бюллетенига киритиладиган номзодлар рўйхати шакллантириб олинди. Қайд этилгинидек, Тармоқ касаба уюшмалари, Федерациянинг ҳудудий Кенгашлари делегациялари вакиллари йиғилишида Федерация раиси ва раис ўринбосарлигига номзодлар юзасидан маслаҳатлашув ўтказилиб, таклифлар тайёрланган. Делегациялар вакиллари йиғилиши номидан номзодлар ўқиб эшиттирилгач, улар яширин овоз бериш бюллетенига киритилди.
Қисқа танаффус вақтида делегатлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи ва фаолияти тўғрисида тайёрланган фильм намойиш этилди.
Бевосита сайловлар жараёнига ўтилгач делегатларга яширин овоз бериш тартиби тушунтирилиб, овоз бериш жараёнлари бошланди.
Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Рафиков Қудратилла Мирсоатович кўпчилик овоз билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг раиси этиб сайланди.
Шундан сўнг Федерация раисининг ўринбосарлари сайлови бўйича яширин овоз бериш натижалари эълон қилинди.
Федерация органлари таркиби ва Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари ва раисини сайлаш жараёнлари делегатлар таклифига кўра очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилди.
Қурултойда шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 17 октябрда Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувидан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида»ги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Давлат раҳбари учрашувда касаба уюшмаларига ўзининг юксак ҳурмат ва эзгу тилакларини изҳор этиб, ҳар бир корхона ва ташкилотга ишчанлик муҳитини, меҳнат жамоаларига рағбат ва адолат руҳини олиб кираётгани учун билдирилган миннатдорлик фаолиятга юксак баҳодир. Шу билан бирга, Президентимиз касаба уюшмалари фаолиятини янада кучайтириш юзасидан қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Ушбу таклиф ва тавсияларни амалга ошириш мақсадида “йўл харитаси” ва қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан қарор бир овоздан қабул қилинди.
Шундан сўнг Қурултойга Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Жильбер Унгбодан Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги ва “Касаба уюшмалари куни” байрамлари, шунингдек Федерациянинг IX Қурултойи муносабати билан келиб тушган видеотабрик намойиш этилди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан қайд этилганидек, Бош кенгаш қарори билан “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2026-2030 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишлари” лойиҳасини тайёрлаш бўйича махсус Ишчи гуруҳ тузилиб, ушбу муҳим ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу жараёнда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва Федерациянинг ҳудудий Кенгашларидан тушган таклифлар ҳам эътиборга олинди. Стратегик йўналишлар лойиҳаси бўйича қарор делегатлар томонидан бир овоздан қабул қилинди.
Шунингдек, Федерациянинг ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган Устави лойиҳаси ва ушбу масала бўйича қарор лойиҳаси ҳам делегатлар томонидан бир овоздан қабул қилинди.
Қурултойда тушган саволларга жавоб берилгач, Қурултой ёпиқ деб эълон қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский