[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

06.11.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши томонидан мамлакатда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан қатор учрашув ва тадбирлар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Федерациянинг Қорақалпоғистон кенгаши раиси У. Жалменов “Қўнғирот сода заводи” ва “Nukus SSP Texnopark” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди ҳамда уларнинг меҳнат шароитлари билан яқиндан танишди.

Учрашувларда корхоналар фаолияти таҳлил қилинди, иш берувчи ва касаба уюшмалари ўртасида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳитини яхшилаш ҳамда фаол ходимларни рағбатлантириш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидланишича, ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда касаба уюшмалари муҳим ўрин тутади. “Nukus SSP Texnopark” МЧЖда ишчилар учун яратилган шароитлар ва амалга оширилаётган ижтимоий ташаббуслар бошқалар учун намуна сифатида эътироф этилган. Корхонада 150 нафар ходим доимий иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг даромадини ошириш, қўшимча меҳнат таътиллари бериш, соғломлаштириш ишларини ташкил этиш ва фаол ходимларни моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилган.

Шунингдек, ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш доирасида 36 миллион еврога тенг аралаш толадан ип йигириш линияси фаолият юритмоқда. Германиянинг “Truetzschler GmbH & Co.KG” ва Япониянинг “Murata Machinery LTD” компанияларидан келтирилган замонавий ускуналар ишга туширилган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг, корхона йиллик 50 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқаради, шундан 15 миллион доллари экспортга йўналтирилади ва 1 200 та янги иш ўрни яратилади. Бу Қорақалпоғистон саноати ривожига ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга катта ҳисса қўшади.

Учрашувда меҳнатда фаол ва ташаббускор ходимлар Федерациянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундай тадбирлар меҳнат жамоаларида ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, ходимлар меҳнатига эътибор ва ҳурматни оширишга хизмат қилмоқда.