07.11.2025. Авваломбор, таъкидлаш зарурки, сўнгги 8-9 йил давомида муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар натижасида инсон қадрини улуғлаш ва манфаатларини таъминлаш йўналишларида юксак натижаларга эришилди. Ана шундай изчил ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 17 октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган тарихий учрашувда алоҳида қайд этди. Хусусан, мазкур учрашувда Давлатимиз раҳбари “Ҳеч шубҳасиз, биз эришаётган натижаларда 8 миллионга яқин аъзога эга, энг халқчил ва катта нодавлат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор. Фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир корхона ва ташкилотга – ишчанлик муҳитини, меҳнат жамоаларига – рағбат ва адолат руҳини олиб кираётган касаба уюшмалари фаолларига чин дилдан миннатдорлик билдираман”, дея алоҳида таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбари қайд этганларидек, мамлакатимизда касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган. Буни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мустақил Ўзбекистон тарихида илк бора 11 ноябрни “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклифи илгари сурилгач, “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани, ва бу касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас воқеа сифатида тарихга муҳрлангани ҳам кўрсатиб турибти.
Президентимиз бўлиб ўтган тарихий учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг корхона ва ташкилотларда меҳнатга оид ҳуқуқларни ҳимоя қилишдаги жонбозлигини алоҳида эътироф этиш билан бирга бир қатор салмоқли таклифларни ҳам илгари сурдилар. Уларни амалга ошириш бўйича махсус йўл харитаси ишлаб чиқилди.
Таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш мужассамдир. Инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотлар натижасида миллий ҳуқуқ тизимимиз халқаро стандартларга мослашиб, инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг барқарор кафолатига айланди.
Натижада охирги йилларда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилди, касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва ХМТ конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорлик йўналишларидаги фаолияти сезиларли даражада ошди.
Шу ўринда 2025 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида бўлиб ўтган ҳисобот-сайловлар якунлари тўғрисида тўхталиб ўтиш лозим.
2025 йилда барча даражадаги касаба уюшмалари органларининг ваколат муддатлари тугаши муносабати билан, касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловлар ўтказилди.
Тизимда ички демократияни янада мустаҳкамлаш сари муҳим қадам қўйилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихида илк маротаба ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисидаги Низомда барча даражадаги касаба уюшмалари ташкилотлари раислари ва раис ўринбосарлари сайлови муқобиллик асосида, ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ҳолда фаолият олиб борадиган раис ва раис ўринбосарлари сайлови эса муқобиллик асосида, муқаррар равишда яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди.
2025 йилнинг февраль-апрель ойлари давомида Федерация тизимидаги 37 минг 23 та бошланғич ташкилотда ҳисобот-сайловлар, жумладан, 34 минг 411 та бошланғич ташкилотда ҳисобот-сайлов йиғилишлари, 2 минг 613 та бошланғич ташкилотда ҳисобот-сайлов конференциялари ўтказилди.
Ҳисобот-сайловлар жараёнида фаолияти бугунги кун талабига жавоб бермайдиган, ходимлар ишончини оқламаган қўмита раислари ва ташкилотчилар ўрнига ёш, ташаббускор ходимларни жалб этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, бошланғич ташкилотлар раисларининг 16,5 фоизи (6 минг 107 нафари) мазкур лавозимларга биринчи бор сайландилар.
2025 йилнинг май-июнь ойларида 70 та бирлашган қўмиталар, 573 та туман, шаҳар ва 83 та вилоят бўлинмаларида ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтди.
Конференцияларда бирлашган қўмиталар, туман, шаҳар, вилоят кенгашлари аъзолигига жами 10 минг 192 нафар аъзолар, шулардан 3 минг 652 нафари (қарийб 36 фоизи) биринчи бор, сайланди.
Касаба уюшмалари қурултойлари, ҳудудий Кенгашларнинг конференцияларига жами 2 минг 965 нафар делегатлар сайланиб, қурултой ва конференцияларда 2 минг 843 нафари ёки 92,5 фоизи иштирок этди.
Қурултой ва конференцияларда Республика кенгашлари, ҳудудий Кенгашлар аъзолигига 942 киши сайланди, уларнинг 266 нафари (28,2%) аёлларни, 356 нафари (38%) биринчи бор сайланганларни ташкил қилди.
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойи бўлиб ўтди.
Қурултой ишида 400 дан зиёд делегатлар, касаба уюшмаларининг ижтимоий ҳамкорлари бўлган кўплаб вазирлик, идоралар раҳбарлари, шунингдек, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти вакилллари қатнашди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиковнинг “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари: Федерациянинг 2021-2025 йиллардаги фаолияти ва миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари тўғрисида”ги ҳисобот маърузаси Қурултой иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Қурултойда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссиясининг 2021-2025 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам тингланди. Ҳар иккала масала юзасидан бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнида сўзга чиққан делегатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятига қониқарли баҳо бериб, Назорат-тафтиш комисияси ҳисоботини тасдиқладилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ва унинг ўринбосарларини, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгаши, Ижроия қўмитаси, шунингдек Назорат-тафтиш комиссияси таркиби ва раисини сайлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди. Ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида Низомга мувофиқ Федерация раиси ва раис ўринбосарлари сайлови яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди.
Федерация тизимида илк бора муқобиллик асосида ўтказилган сайловда яширин овоз бериш натижаларига кўра, Рафиков Қудратилла Мирсоатович кўпчилик овоз билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг раиси этиб сайланди.
Энди ижозатингиз билан рақамларга тўхталиб ўтсам.
Ўтган 5 йиллик ҳисобот даврида касаба уюшмаларининг корхона ва ташкилотларда меҳнатга оид ҳуқуқларни ҳимоя қилишдаги жонбозлиги натижасида 500 мингга яқин ходимнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, улар фойдасига 267 миллиард сўм ундириб берилди. Шунингдек, ишдаги бахтсиз ҳодисалар туфайли жабрланган 1 минг нафар ходимга 35 миллиард сўм товон пули тўлаб берилди. Бундан ташқари, ноҳақ бўшатилган 13 минг ходим ишга тикланган.
Касаба уюшма ташкилотлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг 27 минг 387 та мурожаати кўриб чиқилиши натижасига кўра жами 32 минг 651 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 105 млрд. 909 млн. сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди. Ходимлар ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга 8 минг 135 та тақдимнома киритилиб, 38 минг 841 та камчилик бартарф этилишига эришилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида Гендерга оид аудит ўтказиш ишлари йўлга қўйилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича имзоланган Бош жамоа келишуви, 14 та ҳудудий жамоа келишуви, 103 та тармоқ жамоа келишуви ходимлар учун ижтимоий кафолатлар кўламини янада кенгайтиришнинг муҳим ва ишончли механизми бўлиб хизмат қилмоқда. 2025 йилга келиб ҳудудий-тармоқ келишувлари сони 2021 йилдаги 354 тадан 540 тага ошди. 2025 йил 1 январга келиб юридик шахсларда имзоланган жамоа шартномалари сони 127 мингдан ошди. Бугунги кунда жамоа шартномалари ходимлар учун бандлик ва муносиб меҳнат кафолатларини белгилаш, иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланган. Тузилган жамоа шартномаларининг барчасида ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш зарурлиги талаби киритилган.
2024 йил якунларига кўра республика бўйича 32 минг 251 та корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилган бўлиб, бу орқали 1 млн. 342 минг нафар ходимнинг иш ҳақи оширилишига эришилган. Жамоа шартномаларида ходимлар учун қўшимча имтиёзлар киритилиши натижасида жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ 10 млн. 89 минг сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 2 баробарга ортган.
Ҳисобот даврида ижтимоий йўналтирилган давлат дастурларини бажариш доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 945 минг 853 нафар фуқарога ва 353 минг 325 та оилага қарийб 966 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Барча ҳудудларда иш берувчилар томонидан ходимларга тўланадиган иш ҳақи уларнинг малакасига мувофиқлиги назорати олиб борилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида касаба уюшмалари томонидан 36 мингдан зиёд корхона, ташкилот ва муассасада иш берувчилар томонидан энг кам иш ҳақи меъёрларига риоя этилиши ҳолати ўрганилди ва қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилди. 2021-2025 йиллар мобайнида иш берувчиларга, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, банкларга, ҳуқуқий инспекцияларга, прокуратура ва суд органларига 974 та мурожаат киритилиб, 769 миллиард сўмдан ортиқ ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундирилишига эришилди.
Меҳнат муҳофазаси бўйича назорат-профилактика ишлари билан бирга ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилиши юзасидан мониторинг амалга оширилмоқда. Ҳисобот даврида 5 минг 850 та корхона ва ташкилотда меҳнат муҳофазаси ҳолати ўрганилиб, аниқланган 21 минг 346 та камчилик бўйича иш берувчиларга 2 минг 762 та тақдимнома киритилди ва камчиликларнинг аксарияти бартараф этилишига эришилди. Шунингдек, корхона ва ташкилотларда бахтсиз ходисалар ва касб касалликларининг олдини олиш мақсадида доимий мониторинг амалга оширилиб, тегишли маълумотлар Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилмоқда.
Касаба уюшма ташкилотлари тузилмаган корхона ва ташкилотлар ҳодимларини касаба уюшмаларига жалб қилиш ишлари ҳисобот даврида сезиларли даражада кучайтирилишига эришилди. Натижада, 2021 йилда касаба уюшмалари аъзолари сони 5 млн. нафарни ташкил этган бўлса, бугунга келиб қарийб 8 млн. нафарга етди.
Сўнгги йилларда касаба уюшмаларининг ҳорижий мамлакатлар касаба уюшмалари ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ривожланди. Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши тузилди. Туркий давлатлар касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилди. Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси билан тизимли ҳамкорлик ўз натижасини бериб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Конфедерацияга ҳақиқий аъзоликка қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши – ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришдир. Таъкидлаш зарурки, 2016 йилда касаба уюшмалари тизимида жами 17 та санаторий фаолият кўрсатган бўлса, 2025 йилга келиб тизимдаги санаторийлар сони 33 тага етди. Федерация тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида 2017 йилга нисбатан ўринлар сони 2043 тага ошди ва йилига қўшимча 60 мингдан ортиқ аҳолини соғломлаштириш имкони яратилди. Янги қурилган санаторийлар, қўшимча ётоқ ва даволаш бўлимларини ишга туширилиши ҳисобига қўшимча 1433 та муқим иш ўринлари яратилди. Ҳисобот даврида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 900 минг нафарга яқин дам олувчи соғломлаштирилди. Улардан қарийб 341 минг нафар меҳнаткаш имтиёзли ва 21 минг 831 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатликларини тикладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида “Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти” ташкил этилди. 2017-2023 йиллар давомида 8 та янги болалар соғломлаштириш оромгоҳи қурилиб фойдаланишга топширилди, фаолият юритмаётган ёки самарасиз ишлаётган 82 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси балансига ўтказилди ва тасарруфдаги оромгоҳлар сони 107 тага етди. Бугунги кунда 14 та фаолият юритмаётган оромгоҳларни босқичма-босқич янгидан қуриш ишлари олиб борилмоқда.
2021-2025 йиллар давомида ёз мавсумида оромгоҳларда меҳнаткашларнинг қарийб 1 млн. 545 минг нафар фарзанди соғломлаштирилди. Шу жумладан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг фарзандлари, ота-она қаровисиз қолган, ногиронлиги бор болалар, Меҳрибонлик уйлари ва оилавий болалар уйлари тарбияланувчиларидан қарийб 75 минг нафари имтиёзли ва бепул асосда дам олдирилди.
Ҳисобот йилларида мамлакатимиз касаба уюшмалари ҳаракати тарихини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2021 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тарихи музейи ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан тузилган Ишчи гуруҳ томонидан мамлакатимиз ва ҳориждаги архив ҳамда кутубхоналар фондидаги 1 000 дан ортиқ тарихий ҳужжатлар шунингдек, ўтган асрнинг бошида чоп этилган “Туркистон”, “Ишчилар дунёси”, “Хуршид”, “Тараққий” ва “Самарқанд” газеталарининг 200 дан ортиқ сонлари ўрганилди. Илмий ўрганиш ва тарихий-назарий таҳлиллар натижасида мамлакатимизда илк касаба уюшмалари ҳаракати 1905 йилда бошланганлиги ҳамда 2025 йилда 120 йил тўлиши тарихий ҳужжатлар ҳамда аниқ манбалар асосида тўлиқ исботини топди.
Жорий йилда мамлакатимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ва 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни кенг нишонланмоқда. Республикамиз ҳудудларидаги корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнат жамоаларида, энг чекка ҳудудларда мазкур саналарга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этди. Ундан касаба уюшмалари ҳаракатининг юбилей санасини тантанали нишонлаш, мазкур сана муносабати билан соҳа фаолларини маънавий жиҳатдан рағбатлантириш мақсад қилинган. Байрам арафасида ушбу нишон билан касаба уюшмаси аъзоси бўлган, соҳанинг тарихини яхши билган ва уни кенг оммага тарғиб қилган, меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришган ишчи-хизматчилар, мазкур йўналишга катта ҳисса қўшган, нуфузини ошириб, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этган шахслар тақдирланмоқда.
Матбуот конференцияси давомида Ўзбекистон Касаба уюшмалари ташкил топганлигининг 120 йиллигига бағишлаб чиқарилган махсус почта маркаларининг тақдимоти ҳамда махсус хотира штемпели билан сўндириш маросими ҳам ўтказилди.
2025-йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи кенг нишонланиши муносабати Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2025-йил 2-октабрдан Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишланган махсус почта маркалари туркуми муомалага киритилди. Мазкур туркум 9 та почта маркаларидан иборат бўлиб, кичик варақ кўринишида тайёрланган. Махсус поча маркаларида мамлакатимиз меҳнаткашларини юқори ижтимоий ва маънавий фаравонлигини таъминловчи дам олиш масканлари, уларнинг саломатлиги учун спорт ҳамда соғломлаштириш мажмуалари, шунингдек, болалар оромгоҳлари тасвирланган. Кичик варақнинг ҳошиясида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси логотипи акс эттирилган. Туркум учун махсус совға албоми ва почта конверти тайёрланган. Махсус почта маркаларига идентификатсия рақамлари берилган ва номиналлар ўрнатилган. Почта маркалар бир неча рангда ишланган. Офсет усулида босилган. Перфорацияси тароқсимон. Қоғози оқ силлиқ. Кичик варақнинг ўчами 200х170 мм, почта маркаларининг ўлчами 52х37 мм. Туркумнинг адади 1500 нусха. Ўзбекистон Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишланган почта маркаларини сўндириш мақсадида махсус хотира штемпели тайёрланди. Махсус хотира штемпелининг ўртасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси логотипи тасвири туширилган. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишланган махсус почта маркалари хат ва бандероллар орқали бутун дунё бўйлаб айланиб чиқади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский