07.11.2025. 2021 йилдан бошлаб мамлакатимизда “11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” ҳар йили кенг нишонланиб келинмоқда. Байрам тадбирлари барча бўғиндаги касаба уюшмалари ташкилотлари масъуллигида корхона, ташкилот ва муассасаларда, шунингдек, туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида ўтказилиши тизимли йўлга қўйилган.
Байрам муносабати билан меҳнат жамоаларида ходимлар билан учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ўтказилиб, ушбу тадбирларда касаба уюшмасига аъзолик афзалликларини тарғиб этиш, Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган кенг қамровли ишларни халққа етказиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ушбу муҳим сана муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида турли кўрик-танловлар ғолибларини, ҳалол ва фидокорона меҳнати билан юрт тараққиётига, касаба уюшмалари ҳаракатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган турли соҳа ходимларини ва фахрийларни эъзозлаш ва тақдирлаш анъанага айланган.
Айниқса, бу йилги байрам санаси Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи арафасида ўтказилаётгани ушбу байрамнинг шукуҳини янада оширмоқда.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 7 ноябрь куни Қарши шаҳридаги “Офарин” анжуманлар саройида “Ўзбекистон касаба уюшмалари — 120 йил халқ билан” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маданий-маърифий байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Қашқадарё вилоят ҳокими М. Азимов, Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ш.Қурбонов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Б. Жўраев, нуронийлар, депутатлар, вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими М. Азимов ўз табригида касаба уюшмалари тизимининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, йиғилганларни Ўзбекистон касаба уюшмалари куни ҳамда миллий касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи билан табриклади.
Тадбир доирасида фаоллар, нуронийлар ва уюшманинг илғор аъзоларига «Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги» эсдалик нишонлари, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва совғалари тантанали равишда топширилди.
Байрамона дастурда Қашқадарё элининг таниқли санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский