[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

20.11.2025. Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, масъул ходимлари, вилоят прокуратураси, адлия, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси раҳбарлари, шунингдек тармоқ касаба уюшмаларининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари, бошланғич ва бирлашган касаба уюшма қўмиталари раислари, бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг янги сайланган раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, жорий йил 17 октябр куни илк маротаба Президентимиз касаба уюшмалари тизими фаоллари ва фахрийлари билан мулоқот қилгани ва ушбу нуфузли учрашувда Давлат раҳбари касаба уюшмалари фаолиятига юксак баҳо бериш билан бирга келгусидаги вазифалар бўйича аниқ кўрсатмалар bergani қайд этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2025 йилда Федерациянинг Фарғона вилоят кенгаши “Энг намунали ҳудудий кенгаш” деб топилгани, “Касаба ишончи” Республика кўрик-танловида 1-ўринни қўлга киритгани алоҳида эътироф этилди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берилди.

Қайд этилганидек, вилоятда бугунги кунда касаба уюшма хизмати ташкил этилган корхона ва ташкилотлар сони 12 736 та, аъзолар сони эса 700 мингдан ортиқни ташкил қилади.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига 387 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 288 таси бўйича мурожаатда кўрсатилган талаблар қаноатлантирилиб, жамоавий мурожаатлар ҳисобига жами 515 нафар фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган. Ходимларга жами 14 млрд 932 млн сўм миқдорида мажбурий прогул кунлари учун тўловлар ундирилган.

Ходимлар ва уларнинг ота-оналарининг 6 776 нафари Федерация тизимидаги санаторийларда соғликларини тиклаб, бунинг учун 28 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Шунингдек, 267 нафар ходимга имтиёзли тартибда бепул йўлланмалар тақдим этилди.

2025 йил ёз мавсумида вилоятдаги 14 та болалар оромгоҳларида жами 9 373 нафар болажонлар мароқли дам олдилар.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида жамоа шартномалари ва тармоқ келишувларига киритилиб, 16 575 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг диққатга сазовор жойларга саёҳатлари ташкил этилди. Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Хоразм вилоятларига 2 400 нафар меҳнаткашларнинг бепул саёҳатлари амалга оширилди.

Президентимиз томонидан жорий этилган ноёб тизим — “Аёллар дафтари”нинг жорий йилги 6-босқичи доирасида 112 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилгани, уларнинг ҳаёти тубдан ўзгаргани алоҳида таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қ. Қирғизалиев сўз олди ва тизимда ўтказилаётган “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари барча учун манфаатли бўлаётгани, янги сайланган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари вилоят касаба уюшмалари кенгашларига ташриф буюриб, бўлимлар фаолияти билан яқиндан танишиб, тажриба алмашилаётгани самара бераётганини таъкидлади.

Очиқ мулоқотда янги сайланган касаба уюшма қўмиталари раислари ва фаоллар ўз саволлари билан мутахассисларга мурожаат қилдилар.

Тадбир доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётган ижтимоий ҳамкорлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Шу куни иштирокчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашида ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар ва иш услублари билан яқиндан танишдилар.