[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

30.11.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2025 йилнинг 27–29 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Chinobod Plaza” санаторийсида “Санатор-курорт даволаш ва тиббий туризмнинг замонавий истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Кенг қамровли мазкур конференцияни ўтказишдан асосий мақсад — Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан мамлакатимизда санатор-курорт соҳасини модернизация қилиш, табиий шифобахш омиллар асосида даволаш усулларини такомиллаштириш, тиббий туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва уларнинг натижаларини дунё ҳамжамиятига етказиш, мазкур йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этишдан иборатдир.

Халқаро илмий-амалий анжуманда жами 15 та давлатдан, хусусан, Россия Федерацияси, Белорусь, Венгрия, Чехия, Исроил, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Италия, Украина, Озарбайжон, Грузия, Швейцария каби мамлакатлардан 40 нафарга яқин ҳорижий мутахассислар иштирок этдилар. Улар томонидан мавзуга оид 29 та маъруза тақдим этилди.

Халқаро анжуманнинг 1-куни Конференциянинг тантанали очилиш маросими ва ялпи мажлиси бўлиб ўтди. “Санатор-курорт тиббиёти ва реабилитация: глобал чақириқлар ва миллий ривожланиш моделлари” мавзуидаги Ялпи мажлис давомида халқаро ва маҳаллий экспертлар маърузалари тингланди.

Маълумки, Санатор-курорт иши ва тиббий туризм соҳаларидаги замонавий тенденциялар янги  ёндошувлар, инновацион ечимлар, анъанавий тажриба ва янги илмий ишланмаларнинг уйғун комбинациясини талаб қилади. Бугун санатор-курорт даволаш ва тиббий туризм нафақат жаҳон иқтисодиётининг бир қисмига, балки, ўз саломатлигини тиклаш ва фаровонлигини оширишга интилаётган одамларнинг ҳаёт сифатини оширишнинг муҳим омилига айланиб бораётган бир пайтда мазкур илмий-амалий конференцияни ўтказиш долзарб аҳамиятга эгадир.

Маълумки, ҳар бир давлат ўз фуқароларининг саломатлиини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашни таъминлашга интилади. Халқаро илмий-амалий анжуманда таъкидланганидек, ўтган 9 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар доирасида Янги Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, жумладан, санатор-курорт соҳаси ва тиббий туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзи маданиятини юксалтириш, янги ижтимоий объектлар барпо этиш ва уларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Мазкур жараёнларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, 2017 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 17 та санаторий ва дам олиш уйлари фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 33 тага етди. Шу билан бирга ўринлар сони 5 мингдан 8 мингтага кўпайди. Натижада ҳар йили қўшимча равишда 60 мингдан ортиқ кишига санатор-курорт хизмати кўрсатиш имконияти яратилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида мавжуд санаторийлар инфратузилмаси тўлиқ янгиланди, замонавий қўшимча бинолар, шу жумладан, даволаш ва ётоқхона бинолари, овқатланиш заллари, маданият ва дам олиш объектлари, замонавий ёпиқ сузиш ҳавзалари барпо этилди.

Қайд этиш жоизки, янги санаторийлар барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш санатор-курорт тармоғи ривожланиши ва талабига мувофиқ амалга оширилмоқда. Айни пайтда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан халқаро тажриба ва маҳаллий иқлимни ҳисобга олган ҳолда йирик, марказлашган санатор-курорт мажмуалари қурилмоқда. Шунингдек, ҳорижда ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари санаторийлари ташкил этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2025 йилда машҳур Иссиқкўл ҳудудида умумий майдони қарийб 10 гектар бўлган, барча қулайликларга эга, халқаро стандартларга жавоб берадиган “Бўстон Резорт” соғломлаштириш курортининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди. Эндиликда Озарбайжон ва Грузияда ҳам шундай дам олиш масканларини қуриш режалаштирилган.

Яна бир аҳамиятли жиҳат шуки, янги санаторийларнинг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши 1500 дан ортиқ қўшимча иш ўрни яратиш имконини берди.

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда 4 мингга яқин киши, шу жумладан, 1200 нафар малакали шифокор ва ҳамширалар фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги 5 йил давомида тизимдаги санаторийларда 800 минг нафардан ортиқ киши соғломлаштирилди. Улардан 320 минг нафардан ортиғи имтиёзли ва бепул йўлланмалар асосида дам олдирилди.

Ўзбекистондаги санаторийларда дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаш учун ҳорижлик фуқаролар томонидан ҳам талаб отиб бормоқда. Хусусан, мамлакатимиз касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2017 йилда қарийб 300 нафар ҳориж фуқароси соғломлаштирилган бўлса, 2025 йилга келиб 6,5 минг нафардан ортиқ ҳорижий фуқароларга даволаш-соғломлаштириш хизмати кўрсатилди.

Бугунги кунда ривожланган давлатларнинг халқаро тажрибасидан фойдаланиш санаторийларда замонавий даволаш ва соғломлаштириш технологияларини кенг жорий этиш имконини бермоқда. Натижада санаторийларда дам олувчилар сони йил сайин кўпайиб, хизмат кўрсатиш сифати ошиб бормоқда.

Ўзининг шифобахш хусусияти бўйича машҳур Трусковец, Боржоми, Карлови Вари сувлари билан қиёсланадиган ноёб иқлим шароити, табиий ландшафтлар, минерал булоқларга эга Ўзбекистон касаба уюшмалари санаторийлари одамларга нафақат дам олиш, балки, саломатлигини тиклаш, иммунитетини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

Конференция давомида илғор тажрибалар билан ўртоқлашилди, Ўзбекистоннинг муваффақиятли тажрибалари ўрганилиб, ушбу муҳим соҳани янада ривожалантиришнинг стратегик йўналишлари муҳокама қилинди.

Ялпи мажлисдан сўнг халқаро анжуман иши иккита секцияда давом этди. Биринчи секция иштирокчилари “Марказий Осиёда реабилитация ва санатор-курорт тиббиёти”, иккинчи секциядаги мутахассислар “Реабилитацияда инновациялар ва интердисиплинар ёндашувлар” масалаларини муҳокама этиб, ўзаро тажриба алмашдилар. Секциялар иши бўйича хулоса ва натижалар кўриб чиқилиб, Халқаро конференция Тавсиялари лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Халқаро илмий-амалий Конференция давомида Трукия, Италия ва Венгриянинг бальнеология ассоциациялари билан ўзаро халқаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди. Шу билан бирга, тиббий туризмни ривожлантириш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Шунингдек, конференция якунлари бўйича санатор-курорт соҳасини ривожлантиришга оид илмий таклифлар, амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Анжуманнинг 2-куни ҳорижлик мутахассислар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Севарсой” ва “Оқ тош” санаторийлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Бу ерда меҳмонлар меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, санаторийларнинг энг сўнгги русумдаги тиббий-асбоб ускуналар билан таъминланганлик даражасига юқори баҳо бердилар. Жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи даволаш усуллари, сув ҳавзаси, табиий иқлим шароитларининг юқори самарасини эътироф этдилар.

Шунингдек, мазкур санаторийлар фаолияти билан танишув жараёнида меҳмонларга сўнгги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан янги санаторийларни барпо этиш ва фойдаланишга топшириш, тизимда мавжуд санаторийларни капитал таъмирлаш ва реконструкия қилиш, қайта жиҳозлаш ва инновацион даволаш технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилган тизимли ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Халқаро илмий-амалий анжуман доирасида ҳорижий экспертлар учун Самарқанд шаҳрига маданий-туристик саёҳат ҳам ташкил этилди. Саёҳат давомида конференция иштирокчилари мамлакатимизнинг бой маданий ва тарихий мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари