[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

01.12.2025. Мамлакатимиздаги йирик корхоналардан бири – Сирдарё иссиқлик электр станциясида кузги кўчат экиш мавсуми уюшқоқлик билан бошлаб юборилди.

Станция атрофидаги қаровсиз ер майдони ободонлаштирилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида агротехник тадбирлар амалга оширилди.

Мутахассислар томонидан 1,6 гектар ҳудуднинг тупроқ унумдорлиги ўрганилиб, иқлим шароитига мос дарахт турларини экиш белгиланди. Ҳозирда ушбу майдонга 6 минг 500 туп тут ва аччиқ гилос кўчатлари экилди. Энг муҳими, ушбу тадбирда 500 нафардан зиёд энергетика соҳаси ходимлари фаол иштирок этишди.

Бундан ташқари, энергетика ходимлари ҳудудни яшил белбоққа айлантириш мақсадида кўчат экиш ишларини давом эттиришмоқда. Шунингдек, экилган дарахтларни доимий парваришлаш ва суғориш ишларини самарали ташкил этиш учун корхона цехларидан масъуллар бириктирилди.

– Асосий мақсадимиз – тоза экологик муҳитни яратиш, станциянинг ички ва ташқи ҳудудларини яшилликка буркаш ва атроф-муҳитни обод қилишдир. Бу ишлар орқали нафақат станция ҳудуди гўзаллашади, балки аҳоли учун ҳам тоза ҳаво ва соғлом муҳит юзага келади, – дейди Сирдарё ИЭС директори ўринбосари Қутфиддин Алияров.

Кўчат экиш билан бирга, станция мутахассислари дарахтларнинг ривожланишини назорат қилиш ва суғоришни жорий этиш бўйича ҳам ишлар олиб боришмоқда.

Ғулом Примов

ЎзА