[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

04.12.2025. 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши томонидан тизимда меҳнат қилиб келаётган 20 нафар аёлга «Бўстон» сиҳатгоҳида саломатликларини мустаҳкамлашлари учун бепул йўлланмалар берилди.

Бу хайрли иш тармоқ касаба уюшмаси томонидан биринчи марта амалга оширилаётгани эмас. Бундан аввал ҳам байрам муносабати билан 10 нафар йўлсоз аёлга санаторийда даволаниб, ҳордиқ чиқариб келишлари учун бепул йўлланмалар тақдим этилган эди.

— Ҳар бир касаба уюшма аъзоси биз учун қадрли, — дейди Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши раиси Зоҳиджон Қодиров. — Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, дам олишларини ташкил этиш, саёҳатларга юбориш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида кўп ишлар амалга оширилмоқда. Байрам муносабати билан уларнинг кайфиятини кўтариш ва хушнуд этиш мақсадида яна 20 нафар йўлсоз аёлни Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тасарруфидаги «Бўстон» сиҳатгоҳига жўнатяпмиз. Уларда сиҳатгоҳда мазмунли дам олиш ва саломатликларини тиклаш имкони бўлади.

— Касаба уюшмалари ҳамкасбларим қатори менга ҳам бепул йўлланма берилди. Бундай эътибордан бошим осмонга етди, — дейди Сабоҳатхон Раҳмонова. — Энди мазза қилиб ҳамкасбларим билан санаторийда ҳордиқ чиқарамиз. Бунинг учун, албатта, бизни бир сафда жамлаган касаба уюшмаларига миннатдорлик билдираман.

Сиҳатгоҳда бепул дам олиш ҳуқуқини берувчи сертификатларни топшириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг ташкилий ишлар бўлими мудири ўринбосари Жаҳонгир Ихтияров, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев ва Фарғона вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ҳасанбой Кетмонов иштирок этдилар.