[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

05.12.2025. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 17  октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан ўтказилган учрашувда бошқа масалалар қаторида касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш ва меҳнат муносабатларини янада яхшилаш бўйича галдаги вазифалар ҳам муҳокама қилинди.

Келгуси йилдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқишга Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссиясини ҳам жалб қилиш таклиф этилди. Бу меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда ходимлар манфаатини кафолатли ҳимоя қилиш бўйича янгича ёндашув бўлади.

Глобаллашув ва рақамли тараққиёт шароитида меҳнат муносабатлари соҳасида янги шакллар, жумладан, масофавий ва платформали бандлик кенг оммалашмоқда. Бугун ушбу йўналишлар иқтисодий тараққиётимизнинг бир қисмига, уларда фаолият юритаётган одамлар эса меҳнат муносабатларининг тенг ҳуқуқли субъектига айланмоқда.

Шу боис, касаба уюшмалари билан биргаликда платформаларда фаолият юритаётган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, хавфсизлигини суғурталаш бўйича асосланган таклифларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Хотин-қизларнинг фаол ижтимоий қатлам бўлиб шаклланишида касаба уюшмаларини етакчи кучга айлантириш учун бугун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Президентимиз меҳнат бозорида хотин-қизлар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши ва ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашиш бўйича янги ёндашувларни жорий этишга чақирди.

Ҳар йили меҳнат жамоаларидаги гендер аудит натижаларини муҳокама қилиб, иш берувчилар билан биргаликда хотин-қизларга янада қулай меҳнат шароитларини яратиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Касаба уюшмалари яраштирувчи, муросага келтирувчи бўғин сифатида иш берувчи ва ходим ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилишда фаоллик кўрсатиши муҳим экани қайд этилди.

Масъул вазирликларга касаба уюшмалари билан бирга бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни олишнинг ягона тизимини ишга тушириш ҳамда бундай ҳодисалар ҳисоботини юритиш, сабабларини таҳлил қилиш ва унга ечим топиш топширилди.

Тегишли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимлар ҳуқуқларини ишончли таъминлайдиган ташаббусларни илгари суриш мақсадида вазирлик ва идоралар ҳамда тармоқ касаба уюшмалари коллегиал органларининг қўшма йиғилишини доимий равишда ўтказиб борадиган тизимни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Турли сабаблар билан ишсиз қолган, меҳнат жараёнида касаллик ёки ногиронликка чалинган одамларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш кафолатларини кучайтириш ҳам долзарб вазифадир.

Шу боис, тўғридан тўғри амал қилувчи “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинишини тезлаштириб, унда ижтимоий суғурта жамғармасини шакллантиришда иш берувчи ва ходимлар иштироки аниқ белгиланиши зарурлиги қайд этилди.

Учрашувда касаба уюшмалари фаоллари билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг касаба уюшмалари фахрийлари ва  фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувида билдирилган фикрлар, таклифлар, берилган топшириқлар асосида Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси томонидан 2026-2028 йиллар учун мўлжалланган Бош жамоа келишуви лойиҳаси такомилига етказилди. Лойиҳа барча манфаатдор вазирлик, идоралар, иш берувчилар ташкилотлари билан келишилди ҳамда 2025 йил 1 ноябрь куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойи мажлисида тантанали равишда имзоланди.

Бош жамоа келишуви:

Ҳукумат номидан – Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла  Ниғматович Арипов;

аъзоларининг сони энг кўп бўлган республика касаба уюшмалари бирлашмаси номидан – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Мирсагатович Рафиков;

иш берувчиларнинг республика бирлашмалари номидан – Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси Ижроия қўмитаси раиси Отабек Анварович Ашуров томонидан имзоланди.

Бош жамоа келишуви 2025 йил 6 ноябрь куни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан 196 В рақам билан хабардор қилиш тартибида давлат рўйҳатидан ўтказилди.

Мазкур келишув даставвал Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган топшириқларни, шунингдек, “Ўзбекистон-2030” Стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифаларини бажаришда тарафларнинг фаол иштирокини таъминлашга йўналтирилгандир. Қуйида имзоланган Бош жамоа келишувининг энг асосий жиҳатлари келтирилган.

  1. Иқтисодиётни, маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳамда тадбиркорликни  ривожлантириш    борасида   киритилган  асосий  меъёрлар
  2. Мамлакатимизни Жаҳон савдо ташкилоти аъзолигига кириши муносабати билан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш.
  3. Иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига даромадни 4 минг АҚШ долларига етказиш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин яратиш.
  4. Миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва ялпи ички маҳсулотда саноат улушини оширишга қаратилган саноат сиёсатини давом эттириб, саноатда ишлаб чиқариладиган технологик маҳсулотлар улушини 32  фоизга етказиш.
  5. Саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 млрд АҚШ долларига етказиш ва 2,5 млн. юқори даромадли иш ўринларини яратиш.
  6. Иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 2 баробарга ошириш.
  7. Жисмоний шахсларга солинадиган даромад солиғини табақалаштирилган тизимига ўтиш.
  8. Қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 5 минг АҚШ долларига етказиш.
  9. Тенг рақобат шароитларини яратиш учун тадбиркорлик фаолиятини соядан чиқаришга кўмаклашиш, хусусан, саноат, савдо, қурилиш, фармацевтика ва транспорт соҳаларида.
  10. Давлат харидлари бўйича тендер комиссиялари ишига тегишли касаба уюшмалари ташкилотлари вакилларини маслаҳат овози ҳуқуқи билан жалб қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
  11. Норма ижодкорлиги ишларида иштирок этиш ва  ходимларнинг  ҳуқуқий  ҳимоясини таъминлаш борасидаги  асосий   устуворликлар
  12. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини амалиётда қўллаш борасида қуйидагиларни биргаликда амалга ошириш:

меҳнат соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки янги нормаларни қабул қилиш бўйича таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига шарҳларни ишлаб чиқиш;

иш берувчи ва ходим ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилишда касаба уюшмаларининг яраштирувчи, муросага келтирувчи бўғин сифатидаги фаоллигини ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш.

  1. Халқаро меҳнат ташкилотининг қуйидаги конвенцияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш:

Ижтимоий таъминотнинг энг кам нормалари тўғрисидаги 102-сон;

Энг кам иш ҳақини ўрнатиш тўғрисидаги 131-сон;

Ҳамшираларнинг бандлиги ҳамда меҳнат ва турмуш шароитлари тўғрисидаги 149-сон;

Меҳнат статистикаси тўғрисидаги 160-сон;

Меҳнат гигиенаси хизматлари тўғрисидаги 161-сон;

Тадбиркор тўловга қобилиятсиз бўлган тақдирда меҳнаткашларнинг талабларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 173-сон;

Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 1952 йилги конвенцияни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги 183-сон;

Қишлоқ  хўжалигида  меҳнат  хавфсизлиги   ва   гигиенаси   тўғрисидаги 184-сон.

  1. Қуйидагиларга доир таклифларни биргаликда ишлаб чиқиш:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқишга Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссиясини жалб қилишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар лойиҳасига;

платформаларда фаолият юритаётган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, хавфсизлигини суғурталаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига;

Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат-нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги кодекси, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги, “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги, “Хорижий таъсир остидаги шахслар тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларига;

миллий қонунчилик ва амалиётни Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган 95, 132, 148, 155, 156, 167, 175, 187-сонли конвенциялари талабларига мувофиқлаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига.

  1. Агарда қонунларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса ташкилотларда касаба уюшмаси қўмитаси мавжуд бўлган барча ҳолларда ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишни қўмита билан келишиб олиш.
  2. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятларининг инсон ресурслари билан ишлашга масъул таркибий тузилмаларининг раҳбар ва ходимларини ҳар уч йилда камида бир марта меҳнат муносабатларини ташкил этиш бўйича малакасини ошириб бориш.
  3. Халқаро меҳнат стандартларининг мазмун-моҳиятиини кенг тарғиб қилиш, уларнинг ташкилотларда ижроси юзасидан биргаликда мониторинг ўрнатиш.
  4. Давлат ва касаба уюшмаларининг инспекциялари тизимини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ҳамкорликда ишлашини таъминлаш.
  5. Сунъий интеллект технологияларини жорий этган иш берувчиларда қисқартиришга тушган ходимларни замонавий соҳа ва мутахассисликларга қайта ўқитиш чораларини кўриш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш.
  6. Тарафларнинг 5 нафардан иборат вакиллари таркибида ижтимоий-меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётда қўллаш бўйича юзага келадиган муаммоли масалалар бўйича маслаҳат кенгашини тузиш.

III. Меҳнатга ҳақ тўлаш, даромадлар ва аҳолининг турмуш даражасини  ошириш бобидаги асосий меъёрлар

  1. 1.Мазкур Келишувнинг амал қилиш даврида меҳнаткашларнинг реал иш ҳақи ва даромадларини оширишга, ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улушини 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб туришга доир чоралар кўриш.
  2. Иқтисодиёт тармоқларида маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни сотишдан олинган соф тушум таркибида иш ҳақининг улуши оширилишига эришиш.
  3. Меҳнат муносабатларини легаллаштириш ҳамда тармоқ жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари воситасида тармоқнинг ёки ташкилотнинг ўз тариф сеткаларини ўрнатиш орқали ўртача иш ҳақи оширилишини таъминлаш.
  4. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида йиллик инфляция даражасини 5 фоиздан ҳамда фискал тақчилликни 3 фоиздан ошмаслигини таъминлаб бориш, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича амалий чораларни доимий равишда кўриб бориш.
  5. Ҳукумат, иш берувчилар ташкилотлари ва касаба уюшмалари ўртасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича уч  томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш тизимини йўлга қўйиш.
  6. Хотин-қизлар ва эркаклар иш ҳақи ўртасида гендерга асосланган фарқли ҳолатларни ўрганиш ва бундай ҳолатлар аниқланганда, уларни тизимли бартараф этиш чораларини кўриш.
  7. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига риоя этилиши, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари касаба уюшмаси қўмиталари билан келишувга биноан белгиланиши, иш ҳақидан қонунчиликда кўзда тутилмаган ушлаб қолишларга йўл қўйилмаслиги устидан давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш.
  8. Иш ҳақини ўз вақтида тўлаш масаласини ҳукумат даражасида мунтазам равишда кўриб чиқиш ва зарур ҳолларда иш ҳақидан қарздорликни тўлиқ бартараф этиш чораларини кўриш.
  9. 9. Иш берувчиларга ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда касаба уюшмаси қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи ходимга унинг ойлик (лавозим) маошининг (ишбай ҳақ тўланадиган ходимнинг эса ўртача ойлик иш ҳақининг) камида 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўлашни тавсия этиш.
  10. Касаба уюшмалари томонидан ходимларнинг меҳнат малака даражасини ҳамда меҳнат шароитларини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи тўланилиши устидан тизимли жамоатчилик назоратини ўрнатиш.
  11. Меҳнат бозорини ривожлантириш,  аҳолини  иш  билан таъминлашга  кўмаклашиш бўйича
  12. Норасмий секторда банд аҳоли улушини жами банд аҳоли (ташқи миграцияга кетганлар бундан мустасно) сонига нисбатан 30 фоизгача қисқартириш.
  13. Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2173, 2010 йил 28  декабрь) талаблари бажарилишини назоратга олиш.
  14. Халқаро меҳнат ташкилотининг услубиёти бўйича ҳисоблаб чиқилган умумий ишсизлик иқтисодий фаол аҳолининг 5 фоизидан ошмаслигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни касбий тайёргарликдан ўтказиш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.
  15. Ишлаб чиқариш корхоналарида малакали кадрларга эҳтиёж юқорилигини инобатга олган ҳолда долзарб касблар (пайвандчи, электромонтёр, турли дастгоҳларни ишлатиш бўйича мутахассислар, хизмат кўрсатиш соҳасидаги мутахассислар ва ҳ.к.)га тайёрлаш бўйича қисқа муддатли инновацион ўқув курслар тармоғини кенгайтириш ва улар орқали ҳар йили камида 100 минг нафар ишга жойлаштиришга муҳтож шахсларни қамраб олиш.
  16. Касбий таълим олишнинг дуал шаклини жорий этиш ва ишлаб чиқаришда “Устоз-шогирд” тизимини рағбатлантириш.
  17. Норасмий секторда банд бўлганларнинг камида 10 фоизини иш жойини йўқотишдан ижтимоий суғурталаш билан қамраб олиш.
  18. Миллий меҳнат статистикаси тизимини ва халқаро индикаторларни ҳисоблашни такомиллаштириш.
  19. Мамлакат фуқароларининг хорижга меҳнат миграциясига оммавий равишда кетишини олдини олиш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, шу жумладан, Ўзбекистонда рақобатбардош иш ўринларини барпо этишга кўмаклашиш орқали.
  20. “Яшил ишлаб чиқариш” тамойилларини жорий этиш жараёнида энергия тежамкорлиги технологияларига ўтишда иш ўринлари қисқартирилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш.
  21. Сунъий интеллект жорий этилиши натижасида бўшатиб олинаётган ходимларни бошқа касбларга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш.
  22. Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси йўналишида
  23. Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси Давлат дастурини қабул қилиш.
  24. Бахтсиз ҳодисалар ҳисоботини юритиш, сабабларини таҳлил қилиш ва  ечим топиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорини қабул қилиш.

Бунда бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш ҳолатларига оид маълумотларни олишнинг ягона тизимини ишга тушириш, сунъий интеллектни жорий этиб, бундай ҳолатларни тезкорлик билан аниқлашни назарда тутиш.

  1. Тармоқ касаба уюшмаларининг тегишли тармоқда меҳнат муҳофазасини кучайтириш бўйича таклифларини Касаба уюшмалари Федерациясида умумлаштириб Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш.

Ҳукуматда ушбу таклифларни Касаба уюшмалари федерацияси ва тармоқ касаба уюшмалари раҳбарлари учрашувида муҳокама қилиш ҳамда чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш.

  1. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва ижро этилиши бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш.
  2. Онлайн платформали бандлик шароитида меҳнат муҳофазаси талабларини белгилаш бўйича Ҳукумат томонидан уч томонлама ҳамкорлар билан келишган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш.
  3. Ижтимоий кафолатлар, ижтимоий ҳимоя йўналишидаги  асосий  бандлар
  4. Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини назоратга олиш.
  5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурлари бажарилишига ҳар томонлама кўмаклашиш.
  6. Жамоа келишувлари ва шартномалари орқали кам таъминланган оилаларга, кўп болали оилаларга, уруш ва меҳнат фахрийларига доимий равишда моддий ёрдам кўрсатиб бориш.
  7. Махсус иқтисодий зоналар ва саноат зоналарида ёш болали хотин-қизларга муносиб иш ўринларини яратиш мақсадида уларнинг фарзандлари учун турли ижтимоий объектлар (боғча, спортзал, болаларга вақтинчалик қараб туриш хизматлари кабилар) барпо этиш.

VII. Маданий-маърифий ишлар, жисмоний тарбия ва спортни  оммалаштириш, ички туризмни ривожлантириш,  меҳнаткашлар  ва  уларнинг оила аъзоларини  соғломлаштириш  йўналишида

  1. Ҳудудларда ҳар йили биттадан санаторий ва оромгоҳлар қуриш. Хусусан, Хоразм вилоятида 2026 йилда намунавий санаторий барпо этиб, “Хоразм” тажрибасини яратиш.
  2. Жамоа шартномаси ва келишувларида назарда тутилган маданий-маърифий ишлар, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, ички туризмни ривожлантириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ҳамда бошқа мақсадлар учун иш берувчи ҳисобидан маблағлар ажратиш.
  3. Ҳар йили ишловчи кам таъминланган ва кўп болали оилалар аъзолари, Чернобил АЭСдаги фалокатни бартараф этиш иштирокчилари, байналминалчи жангчилар, ишлаётган меҳнат фахрийлари ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда Ватан олдида хизматлари мавжуд шахсларнинг маълум миқдорини касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштиришни кўзда тутиш.
  4. Ёз мавсумида болаларнинг болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиши ва  соғломлаштирилишини ташкил этишга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириб бориш.
  5. Тошкент шаҳрида Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ва  вилоятлар марказларида тармоқ касаба уюшмалари томонидан касаба уюшмалари боғларини ташкил этиш. Ҳар бир ҳудудда касаба уюшмалари боғларини ташкил этиш мақсадида белгиланган тартибда ер майдонларини ажратиш.
  6. Корхона ва ташкилотларда касаба уюшмалари ташаббуслари билан ишхона ва маҳаллаларда яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда тозалик ва  ободончилик ишларини ташкил қилиш.
  7. Корхона ва ташкилотлардаги касаба уюшмалари жамоалари ўртасида “Экологик фаол касаба уюшмаси жамоаси” танлови ўтказиш ва ғолибларни рағбатлантириш.

VIII. Аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатлар бобида

  1. “Касаба уюшмалари – аёллар манфаати йўлида” шиори асосида хотин-қизлар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича янги тизимни жорий этиш, унда меҳнат бозорида хотин-қизлар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашиш бўйича янги ёндашувларни жорий этиш, қишлоқ жойларида аёллар бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурларини янада кенгайтиришни назарда тутиш.
  2. Меҳнат жамоаларидаги гендер аудит натижаларини муҳокама қилиб, иш берувчилар билан биргаликда хотин-қизларга янада қулай меҳнат шароитларини яратиш бўйича амалий чораларни белгилаш.
  3. “Аёллар дафтари” орқали ёрдам кўрсатиладиган аёллар тоифаларига уй-жой ва яшаш шароитини яхшилашга, тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож, тазйиқ ва зўравонликка учраган ҳамда ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аёлларни ҳам қўшишни назарда тутиш.
  4. 14 та тармоқ касаба уюшмалари бўйича тегишли соҳа ва тармоқларда гендер тенгликни таъминлаш ҳолатини таҳлил қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича манзилли стратегияларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

IХ. Ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш  йўналишида

  1. Касаба уюшмалари ва иш берувчилар бирлашмаларининг қонуний ҳуқуқларига риоя этиш, уларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда тузилишига ва фаолият юритишига тўсқинлик қилинишига йўл қўймаслик.
  2. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика ва ҳудудий уч  томонлама комиссияларнинг роли ва самарадорлигини оширишга, тармоқ ва  бошланғич даражадаги ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар тузилишига кўмаклашиш.
  3. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар, шунингдек, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари (кластерлар) иш берувчиларига касаба уюшмаси ташкилотини тузиш юзасидан тавсиялар бериш.
  4. Норасмий тарзда банд бўлган (айниқса қурилиш, транспорт, савдо, умумий овқатланиш, фермер хўжаликлари ва бошқа соҳаларда), шунингдек, кунлик ишчилар ҳамда ўзини ўзи банд қилган фуқароларни касаба уюшмаларига жалб қилиш чораларини кўриш.
  5. Вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ҳамда тармоқ касаба уюшмалари коллегиал органларининг қўшма йиғилишини ўтказиб борадиган ва йиллик қўшма дастур тасдиқлайдиган янги тизимни йўлга қўйиш
  6. Долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун касаба уюшмалари фаоллари ва иш берувчиларнинг Ҳукумат, вазирликлар, идоралар вакиллари билан жамоатчилик эшитувларини ташкил этиб бориш.

Х. Келишувнинг амал қилиши, уни амалга ошириш механизми ва бажарилиши учун тарафларнинг жавобгарлиги

  1. Тарафлар мазкур келишувнинг амал қилиш даврида қуйидагиларни зарур деб ҳисоблайдилар:

а) ижтимоий-меҳнат муносабатларининг энг муҳим масалалари юзасидан Тарафларнинг манфаатларига тааллуқли қарорлар қабул қилишдан олдин ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказиш;

б) ҳар йили камида бир марта ушбу келишув бажарилишининг бориши ва  якунларини муҳокама қилиб бориш;

в) ушбу келишув бажарилиши таъминланиб борилаётган тақдирда, иш ташлаш амалларидан воз кечиш.

Таъкидлаш жоизки, Бош жамоа келишуви меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланади, доиравий тусга эга бўлиб Ҳукумат, касаба уюшмалари Федерацияси ва иш берувчилар бирлашмалари ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилаб беради. Келишув меъёрларининг катта қисми тармоқ ва ҳудудий жамоа келишувлари шунингдек, жамоа шартномалари орқали амалга оширилиши лозим.

Илова. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон  касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон  Иш  берувчилари Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган Бош жамоа  келишуви. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими