[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

10.12.2025. Бугунги кунда аёллар ва қизлар учун жамиятда тенгликкa эришиш ва адолатни таъминлаш бутун дунёда, хусусан, минтақавий даражада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилнинг 10 декабрь куни Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида БМТ – Аёллар тузилмаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг юқори даражадаги вакиллари иштирокида “Марказий Осиёдаги барча аёллар ва қизлар учун адолатни таъминлаш: аёллар мақоми бўйича комиссиянинг 70-сессияси арафасида ҳуқуқий асослар ва институционал чораларни мустаҳкамлаш” мавзусидаги халқаро тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг хотин-қизлар ва гендер масалалари бўйича раис маслаҳатчиси ҳам иштирок этди.

Маълумки, аёллар ва қизлар учун адолатни таъминлаш масаласи минтақавий даражада долзарб мавзулардан бирига айланмоқда. Гендер тенглигини таъминлаш мақсадида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, зўравонликка қарши курашиш механизмларини кучайтириш, қизлар таълимига эътиборни ошириш, сиёсий ва иқтисодий соҳаларда аёллар иштироки учун кенг имконият яратиш бўйича қонунлар, стратегиялар ва давлат дастурлари қабул қилинмоқда.

Юқори даражадаги тадбир доирасида асосий эътибор аёллар ва қизларнинг иш жойларида адолатга тенг киришини таъминловчи ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни муҳокама қилишга қаратилди.

Таъкидланишича, ҳар бир давлат ўз миллий қонунчилиги ва стратегиясини такомиллаштириб бораётган бўлса-да, муаммоларни самарали ҳал этиш учун интеграциялашган ёндашув ҳамда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, аёллар ва қизлар имкониятларини кенгайтириш мақсадида ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий дастурларни ўзаро боғлиқ ҳолда амалга ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва бандлик соҳаларидаги сиёсатларни мувофиқлаштириш, гендер масалаларига оид статистик маълумотлар ва илмий таҳлилларни йўлга қўйиш борасидаги ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Минтақавий ҳамкорлик аёллар ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутиши инобатга олиниб, қўшни давлатлар ўртасида қонунчилик меъёрларини мувофиқлаштириш, биргаликда ўқув дастурлари ва тренингларни амалга ошириш, минтақавий мониторинг тизимини шакллантириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалалар бўйича Марказий Осиё мамлакатлари аёллар мақоми бўйича комиссиянинг 70-сессияси баёноти қабул қилинди.

Ушбу юқори даражадаги тадбир ҳуқуқий ва институционал чораларни муҳокама қилиш, минтақавий ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш ҳамда келгусидаги гендер сиёсати ва амалий фаолиятни такомиллаштириш учун муҳим билим ва илғор тажрибаларни ўрганиш имконини берди.