[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

10.12.2025. 8 декабрь ‒ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхоналар ва касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан маънавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари ташкил этилди.

Ана шундай тадбирлардан бири тармоқ тизимидаги “Qizilqum fosforit kompleksi” МЧЖда “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида тарғибот учрашуви ўтказилди.

Учрашувда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар онгини турли зарарли оқимлардан асраш, диний экстремизм ва радикал ғояларнинг хавфи, интернетдан тўғри фойдаланиш, киберхавфсизлик ва кундалик ҳаётда огоҳ бўлишнинг аҳамияти ҳақида батафсил фикрлар билдирилди.

Тармоқ тизимидаги “Dehqonobod kaliy zavodi” АЖда ҳам маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри маҳоратли актёрлари томонидан “Ўлдинг – азиз бўлдинг!” спектакли намойиш этилди.

Мазкур саҳна асари инсон қадри, садоқат, ватанга муҳаббат, ҳаётнинг бебаҳо неъматлари ҳақидаги чуқур фалсафий мазмуни билан кимёгарларда катта таассурот қолдирди. Санъаткорларнинг маҳорати, ўткир драматик саҳналар ва ҳаётий тасвирлар корхона жамоаси томонидан илиқ кутиб олинди.

“Maxam-Chirchiq” АЖ корхонасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллик байрамига бағишланган “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётнинг турли жабҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, бу борада эришилган натижаларни мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўрни ва роли муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан “Maxam-Chirchiq” АЖ ёшлари ўртасида “Менинг Конституциям 33 ёшда” шиори остида тест синовлари ва викторина ўтказилди. Шунингдек, корхона ходимлари ўртасида спортнинг футзал тури бўйича ўтказилган мусобақанинг финал босқичи якунланди. Мусобақада жами 12 жамоа ўзаро беллашдилар. Танлов ва мусобақалар якунларига кўра ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шавкат Тоиров

Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси