[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

15.12.2025. Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишларидаги тизимли ислоҳотларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Касаба уюшмаларининг иш берувчилар ва давлат органлари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли ишлари, музокара ва маслаҳатлашувлари натижасида ижтимоий-меҳнат соҳасига оид долзарб масалалар ҳал этиб келинмоқда.

Хабарингиз бор, ҳар йили анъанавий равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар мутасаддиларининг касаба уюшмалари фаоллари билан ижтимоий-меҳнат соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган Давра суҳбатлари ўтказиб борилади. Мазкур анъанага асосан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ҳукумат, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида Давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбати “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун ва Бош жамоа келишувининг амалий ижроси сифатида жамоатчилик эшитуви шаклида ўтказилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура, Марказий банк, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Иш берувчилар Конфедерацияси, Иш берувчилар ассоциацияси, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари вакиллари бевосита, Қорақалпоғистон ва вилоятлар касаба уюшмалари кенгашлари эса онлайн тарзда иштирок этдилар.

Жойларда ўтказилган йиғилишлар ва очиқ мулоқотларда республика миқёсидаги ташкилотлар кўриб чиқиши лозим бўлган қатор масалалар кўтарилган бўлиб, уларни биргаликда муҳокама қилиш ва ечим топиш Республика Давра суҳбати иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Мамлакатимизда касаба уюшмаларининг эркин ва кенг кўламли фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Натижада охирги йилларда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилди, касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва ХМТ конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорлик йўналишларидаги фаолияти сезиларли даражада ошди.

Сўнгги йилларда касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш билан бирга меҳнат соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлган 2,5 мингдан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича таклиф ва тавсиялар киритдилар.

Тизимда Меҳнат инспекциясининг ташкил этилгани жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Охирги беш йилликда касаба уюшмалари инспекторлари томонидан 13 мингдан зиёд ташкилотда қарийб 46 мингта камчилик аниқланди ва уларнинг 39 мингдан ортиғи бартараф этилди. Жамоатчилик назорати орқали қарийб 500 минг нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланиб, улар фойдасига 267 млрд. сўм ундириб берилди.

2025 йил 1 январга келиб, жамоа шартномалари сони 2021 йилдаги 110 мингдан 127 мингтага, жамоа шартномалари билан қамраб олинган ходимлар сони эса 4,5 млн.дан 5 млн. 540 минг нафарга етди. Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 960 мингдан ортиқ аёллар, кексалар  ва  ёшлар манзилли қўллаб-қувватланди.

Бугунги кунда жамоа шартномалари ходимлар учун бандлик ва муносиб меҳнат кафолатларини белгилаш, иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланган. Тузилган жамоа шартномаларининг барчасида ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш талаби киритилган.

Республика бўйича 32 минг 251 та корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилган бўлиб, бу орқали 1 млн. 342 минг нафар ходимнинг иш ҳақи оширилишига эришилган.

Жамоа шартномалари орқали 101 минг 159 нафар ходимга тўлиқсиз иш вақти шароитида ишлаш, 2 млн. 635 минг нафар ходимга асосий узайтирилган, 4 млн. 257 минг нафар ходимга эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланиш имконияти яратилганШунингдек, 80 мингдан зиёд ташкилотда жамоа шартномалари асосида ижтимоий таътиллар белгиланган ва улардан фойдаланган ходимлар сони қарийб 2,5 млн. нафарни ташкил этади.

Таҳлилларга кўра, жамоа шартномаларида ходимлар учун қўшимча имтиёзлар киритилиши натижасида, республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ 10 млн. 89 минг сўмни ташкил этиб,  2020 йилга нисбатан  2 баробарга ортган.

Аҳолининг кам таъминланган қатламлари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Аёллар дафтари” орқали 4,5 миллион нафар кам таъминланган хотин-қизга амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида 969 та кооперация усулидаги лойиҳа туфайли 124 мингдан зиёд аҳоли, жумладан, 90 мингдан ортиқ аёллар бандлиги таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди. Шунингдек, Гендерга оид аудит ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиб, 5 та вазирлик ҳамда унинг таркибий тузилмаларида гендерга оид аудит ўтказилди. Федерациянинг “1211” Ишонч телефонига хотин-қизлардан тушган 200 мингдан зиёд мурожаатнинг 99,6 фоизида кўтарилган масалалар ҳал этилди.

Бугунги кунда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Касаба уюшмалари бу борада катта тажриба ва салоҳиятга эга. Рақамларга мурожаат этсак, мамлакатимиз мустақилликка эришган  1991 йилдан 2017 йилгача ўтган 26 йил давомида касаба уюшмалари тизимида 1 та янги санаторий қурилган бўлса, охирги тўққиз йилда 14 та янги санаторий қурилиб, фойдаланишга топширилди ва яна 10 га яқини реконструкция қилинди. Натижада ўринлар сони 2017 йилга нисбатан 2 минг 43 тага ошиб, йилига қўшимча 60 мингдан ортиқ аҳолини соғломлаштириш имкони яратилди.

Сўнгги беш йилликда Федерация тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида 900 мингга яқин фуқаро соғломлаштирилди, уларнинг 43 фоизига имтиёзли йўлланмалар ажратилиб, саломатлиги мустаҳкамланди.

Бундан ташқари тизимда 9 та янги болалар оромгоҳи қурилди, 76 таси капитал таъмирланди. 1 млн. 545 минг нафардан зиёд бола, шу жумладан, уларнинг 800 минг нафари стационар, 700 минг нафардан зиёди кундузги оромгоҳларда соғломлаштирилди.

Маълумки, 2025 йил 17 октябрда Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларнинг меҳнат соҳасидаги масалаларда таъсирини ошириш муҳим вазифалардан эканлигини таъкидлаб, Президентимиз касаба уюшмалари олдига аниқ вазифалар қўйдилар. Унга кўра, келгуси йилдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатларини тайёрлаш жараёнига Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиясини ҳам жалб қилиш топширилди. Мазкур янгича ёндашув ушбу масалада ходимлар манфаатини кафолатли ҳимоя қилиш имконини беради.

Шунингдек, муҳтарам Президентимиз вазирлик ва идоралар ҳамда тармоқ касаба уюшмалари коллегиал органларининг қўшма йиғилишини доимий равишда ўтказиб бориш, тармоқ касаба уюшмалари раисларини вазирлик ва  идоралар хайъати аъзолигига киритиш таклифини бердилар. Бу – қўшма мажлисларда тармоқ жамоа келишувлари ва шартномаларининг бажарилиши, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва бошқа ижтимоий масалаларни муҳокама қилиб бориш ва ечимини топиш имконини беради.

Давра суҳбатида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларга бериладиган имтиёз ва кафолатлар ҳамда жойларда кўтарилган республика миқёсидаги вазирлик ва идораларга боғлиқ қатор бошқа масалалар, савол ва таклифлар муҳокама қилинди, ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид зарур тавсиялар белгилаб олинди, уларни биргаликда амалга ошириш йўлларига аниқлик киритилди.

Жамоатчилик эшитуви шаклида ўтказилган давра суҳбатида меҳнат соҳасида келгуси йилда амалга оширилиши кўзда тутилаётган қатор ижобий ўзгаришлар тўғрисида ҳам ахборот берилди.

Шунингдек, бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш, бандлик ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш, ходимлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги саволларга вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан аниқ ва батафсил жавоблар берилди.

Келгусида ҳам ушбу йўналишлардаги масалаларни давлат органлари ва касаба уюшмаларининг ҳамкорлигида ҳал этиб бориш хусусида келишиб олинди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати