06.01.2026. Маълумки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан бу йил илк марта мамлакатимиз бўйлаб “Мен ҳам шу юртнинг бир бўлагиман” шиори остида “Сен истеъдодлисан” республика кўрик-танлови кўтаринки руҳда ўтказилди. Жумладан, мазкур танлов Фарғона вилоятида ҳам ўзига хос тарзда ўтказилиб, кўплаб истеъдод эгаларини кашф этди.
Мазкур танловнинг асосий мақсади — алоҳида таълим эҳтиёжига эга ўқувчиларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларни санъат ва ижодга кенг жалб этиш, шунингдек, жамиятдаги фаоллигини оширишдан иборат бўлди.
Танлов давомида ўқувчилар ўз иқтидор ва маҳоратларини тасвирий санъат ҳамда эстрада-вокал йўналишларида намоён этдилар. Уларнинг кўзларидаги қувонч, саҳнадаги ишонч ҳамда ижоддаги самимият барчага илиқ ҳис-туйғулар ҳадя этди.
Танлов ғолиблари ҳамда совриндорларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан ажойиб байрам туҳфаси тақдим этилди. Улар ота-оналари ва ўқитувчилари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрига 3 кунлик бепул саёҳатга юборилди.
Улар Пойтахтимизнинг диққатга сазовор тарихий обидалари ва зиёратгоҳларида бўлиб, Юртбошимиз бошчилигида сўнгги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишмоқдалар.
Мазкур саёҳат имконияти чекланган, аммо иродаси, истеъдоди ва орзуси чексиз бўлган болаларга кўрсатилаётган эътибор ва меҳрнинг ёрқин ифодасидир, десак, муболаға бўлмайди. Зеро, улар ҳамиша эҳтиромга муносибдирлар!
Шоҳсултон Тўхтаматов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский