17.01.2026. Фарғонада яхши анъана бор. Яъни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев ташаббуси билан тармоқ касаба уюшмаларининг туман-шаҳар кенгашлари ҳамда йирик бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раисларининг билимларини доимий равишда ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Йил боши ҳам ана шундай хайрли иш билан бошланди. 10–15 январь кунлари Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги туман, шаҳар кенгашлари ва касаба уюшмаси қўмиталари раисларининг малакасини ошириш бўйича ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Заркент” санаторийсида ташкил этилган ўқув-семинар давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган касаба уюшмаларининг устувор вазифалари мавзуси билан бошланди.
Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Нозима Мирсалимованинг қайд этишича, Мурожаатномада юртимизда охирги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари билан бир қаторда, яқин ва келгуси давр учун белгиланган устувор вазифалар ҳам аниқ ифода этилган. Касаба уюшмалари ҳам Мурожаатномадан келиб чиқиб, ўз олдига бир қатор устувор вазифаларни белгилаб олди.
Ўқув-семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Аброр Отабоев томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 октябрдаги касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувида, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX қурултойида берилган топшириқлардан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида иштирокчиларга маълумот берилди.
Ўқув жараёнида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда “Жамоавий музокараларни ташкил қилиш тўғрисида”ги, “Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги, “Жамоа шартномаси лойиҳасини муҳокама қилиш ва қабул қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Жамоа шартномасини экспертизадан ўтказиш ва ижросини назорат қилиш тўғрисида”ги мавзулар бўйича тақдимотлар қилдилар.
Шунингдек, “Йўлланмалардан самарали фойдаланиш тўғрисида”ги, “Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномани кўриб чиқиш тўғрисида”ги, “Муддатидан олдин сайловни ташкил қилиш тўғрисида”ги, “Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги ҳамда “Маданий, маърифий ва спорт ишларини самарали ташкил қилиш тўғрисида”ги мавзулар бўйича ҳам дарс машғулотлари ўтказилиб, иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
Ўқув жараёнлари давомида “Билимлар баҳси” интеллектуал ўйини ўтказилиб, иштирокчилар ўқувларда олган билимларини янада мустаҳкамладилар ва мантиқий фикрлаш доираларини кенгайтирдилар.
Интерактив усуллар, креатив ғоялар ва қизғин дебатлар асосида ўтган жараёнларда иштирокчилар фаол қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазаларини, тажриба ва таклифларини ўртоқлашдилар.
Абдураҳим Мелибоевнинг Фарғона туманидаги 28-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси вазифасида иш бошлаганига эндигина бир ой бўлди. Унинг қайд этишича, ўқув-семинар етакчилар учун ҳар томонлама фойдали бўлган. Айниқса, иш фаолиятида кўп учрайдиган масалалар бўйича маърузачилардан кўплаб маълумотлар олган. Бундай ўқувларнинг ташкил этилиши касаба уюшмаси фаолларининг ўз устида тинимсиз ишлашига, юртимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотлардан хабардорлик ҳиссини оширишга ундайди. Шу ўринда у барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
— Ҳаёт шиддат билан ривожланаётган экан, бу барчамиздан изланишни, интилишни талаб этаверади. Ташкил этилган мазкур ўқув-семинар биз учун айни муддао бўлди. Интерактив усуллар, юзма-юз мулоқотлар, эркин фикрлар асосида ташкил этилган ўқувлардан кўп нарсаларни ўргандик. Бундан ташқари, бошқа ҳудудлардаги ҳамкасбларимиз билан ҳам танишиб, фикр алмашдик. Шундай шарт-шароитлар яратиб берганликлари учун ташкилотчиларга раҳмат айтаман, — дейди Фурқат туманидаги 31-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Ферузахон Ваҳобова.
Иштирокчилар ўқувларда қатнашиш билан бирга, даволаш муолажаларини ҳам қабул қилдилар. Шунингдек, уларнинг вақтларини янада мазмунли ўтказиш мақсадида маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари, концерт дастурлари ҳам ташкил этилди.
Якунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан касаба уюшма ташкилотлари фаолларининг билимларини янада ошириш ва мустаҳкамлаш мақсадида махсус ишлаб чиқилган “Касаба малака” онлайн платформаси орқали иштирокчилар тест топшириқларини бажариб, онлайн сертификат билан тақдирландилар.
Шоҳсултон Тўхтаматов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский