19.01.2026. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ҚКда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё — янги аср остонасида” номли мақоласи ҳамда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасига бағишланган семинар ташкил этилди.
Унда корхона раҳбарияти, касаба уюшмаси қўмитаси фаоллари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича масъул вакиллар ҳамда ходимлар иштирок этдилар.
Семинарда касаба уюшмаси Республика кенгаши масъул мутахассислари томонидан ходимларга “Марказий Осиё — янги аср остонасида” мақоласи ва Мурожаатнома тўғрисида маъруза қилинди, шунингдек, таҳлилий маълумотлар берилди.
Шунингдек, семинар давомида жамоа шартномалари ва келишувларининг мазмун-моҳияти, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгаришлар тўғрисида батафсил маърузалар қилинди.
Жумладан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида иш берувчининг мажбуриятлари, ходимларнинг ҳуқуқлари тўғрисида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид айрим низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 819-сонли қарори юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилари конфедерацияси ўртасида 2026–2028 йиллар учун ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Бош жамоа келишуви тузилган. Ушбу ҳужжат асосида соҳа ходимлари фаровонлигини ва реал даромадларини ошириш, бандликни таъминлаш, саломатликни ҳимоя қилиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам ҳамда кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларини ҳал этишда ўзаро ҳамкорликни таъминлаш мақсадида тармоқ жамоа келишуви имзоланган.
Бугунги кунда тизимда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кенг доирадаги масалалар ўз ечимини топмоқда. Бу эса нафақат меҳнат муносабатларини самарали бошқариш, меҳнат шароитларини баҳолаш мезонларини келишиш, балки барқарорлик, фуқаро тотувлиги ҳамда меҳнат жамоаларида ҳамжиҳат бўлиб ишлаш имконини ҳам бермоқда.
Семинар давомида касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассислари томонидан тармоқ жамоа келишувлари ва жамоа шартномаларига алоҳида аҳамият қаратилди.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский