[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

22.01.2026. 2026 йил 22 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимининг 2026 йил учун мўлжалланган иш режасига асосан, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, тармоқлараро ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган “Қуюв-механика заводи” АЖ фаолиятини ўрганиш мақсадида амалий сафар ташкил этилди.

Федерация аппаратининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимининг 2026 йилдаги асосий мақсадларидан бири оғир саноат шароитида “Ноль даражадаги жароҳатланиш” (Vision Zero) концепциясини жорий этиш ва замонавий хавфсизлик стандартларини амалиётга татбиқ этиш бўлиб, турли хил тармоқлардаги ташкилотларга амалий равишда бориб, тажриба алмашишдан иборат.

“Қуюв-механика заводи” АЖ йирик саноат объекти ҳисобланиб, унинг асосий фаолияти юк ташиш вагонларини тўлиқ таъмирлаш, юк ташиш вагонларини ишлаб чиқариш, вагонларга ҳамда бошқа турдаги қурилмаларга эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш, мураккаб металлоконструкцияларни яратиш, пўлат, чўян ҳамда бошқа рангли металлардан иборат деталларни қуйишга қаратилган бўлиб, заводда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги тизимининг самарадорлигини доимий равишда ошириб бориш эътибор талаб қилади.

Меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассисларнинг ушбу амалий сафаридан кўзланган асосий мақсад заводда жорий этилган меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими, унинг фаолият кўрсатиш тартиби, меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси талабларини самарали бажариш, хавфларни идентификация қилиш, касбга оид хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш масалаларини ташкил этиш амалиётини ўрганиш, илғор усулларни таҳлил қилиш ҳамда соҳага оид янгиликлар юзасидан фикр алмашишдан иборат бўлди. Шу жумладан, ижтимоий шериклик асосида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назорати масаласи мутахассисларнинг диққат марказида бўлди.

Амалий сафар давомида тармоқларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислари заводнинг асосий цехлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Бу ерда асосий эътибор қуйидаги масалаларга қаратилди:

  • ҳаво алмашиш (вентиляция) тизимларининг ишлаши;

  • ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари (ШҲВ) билан таъминланиши;

  • зарарли ишлаб чиқариш омилларининг олдини олиш;

  • ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш;

  • жамоа шартномасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш” бўлими талабларининг бажарилиши;

  • иш ўринларини меҳнат шароитлари ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказилганлик ҳолати;

  • иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ишлари;

  • меҳнатни муҳофаза қилиш ишлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати фаолияти;

  • меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ва билимларни текшириш, малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш ишлари;

  • меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилганлиги;

  • меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил сайланганлиги ва унинг фаолияти ташкил этилганлиги.

Шу билан бир қаторда, заводда 2025–2026 йилларга мўлжалланган модернизация дастури доирасида эскирган ускуналарни янгилаш жараёни давом этаётган бўлиб, бу нафақат маҳсулот сифатини оширишга, балки келажакда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Тажриба алмашиш жараёнида фақат технологиялар эмас, балки “хавфсизлик маданияти” масаласи ҳам кенг муҳокама қилинди. Завод мутахассислари ходимларни руҳий ва жисмоний жиҳатдан ишга тайёрлаш, стресс ҳолатларини бошқариш ҳамда бахтсиз ҳодисаларни симуляция қилиш орқали ўқитиш бўйича ўз методларини намойиш этдилар.

Меҳнат муҳофазаси — бу фақат жарима ёки тақиқ эмас, бу ҳар бир ходимнинг уйига соғ-саломат қайтишини таъминлайдиган тизимдир. Бугунги тажриба алмашиш жараёни бошқа корхоналардаги янги ёндашувларни кўриш ва ўз хатоларини таҳлил қилиш имконини беради.

Учрашув якунида мутахассислар томонидан 2026 йил якунига қадар саноат корхоналари ўртасида меҳнат муҳофазаси бўйича ягона рақамли базани яратиш ва ўзаро аудиторлик текширувларини (кросс-аудит) йўлга қўйиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими