[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

23.01.2026. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Ўзбекистон Сув спорти Федерациясининг йил якунларига бағишланган навбатдаги ҳисобот Конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, сув спорти Федерацияси мутасадди ва масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 500 дан ортиқ мутахассислар иштирок этдилар.

Видеоконференц алоқа форматида ўтказилган анжуманни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Ўзбекистон Сув спорти Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Конференцияда Ўзбекистон сув спорти Федерациясининг 2025 йилги фаолияти якунлари таҳлил этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимизда спорт соҳасига юксак эътибор қаратилмоқда. Хусусан, юртимизда оммавий ва профессионал спортни, шу жумаладан, сув спортини ривожлантириш, замонавий спорт иншоотларини барпо этиш, бунинг учун зарур тузилмаларни шакллантириш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида сўнгги йилларда мамлакатимиз спортчилари халқаро мусобақаларда тарихий ютуқларга эришмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 ноябрдаги «Сув спортини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон сув спорти Федерацияси томонидан бошқарув ва мувофиқлаштириш, халқаро алоқалар ва ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш, инфратузилма ва моддий-техник негизни мустаҳкамлаш, спортчилар ва мураббийларни тайёрлаш каби муҳим йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилди.

2025 йил сув спорти учун ишончли тараққиёт йили, ҳаяжонли стартлар, муросасиз мусобақалар ва муносиб ғалабалар йили бўлди. Сув йўлкалари ва сузиш ҳавзаларида нафақат спорт натижалари, балки интизом, ирода ва ғалаба қозониш истаги орқали характер ҳам шаклланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида бўлиб ўтган конференция мураббийлар, спортчилар ва соҳа мутахассисларини бирлаштирди. Улар нафақат медаллар ва рекордларни, балки ҳар бир муваффақият ортидаги одамлар, жамоавий жипслик ва Давлатитмиз раҳбарининг спортни ривожлантиришга мунтазам равишда кўрсатаётган эътибори натижаларини эътироф этдилар. Мамлакат раҳбари томонидан илгари сурилаётган долзарб масалалар ва вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган янги, янада юксак мақсадлар белгилаб олинди.

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев спортни ҳам соғлиқ, ҳам натижалар нуқтаи назаридан ривожлантириш вазифасини илгари сурганлар, – деди жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Ўзбекистон Сув спорти Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. – Бу – катта фидоийлик ва интизом, ўзини тута билиш, матонат ва сабр-тоқат, жамоада ишлаш ва қарор қабул қилиш қобилиятини ҳамда ҳаракатларимиз ва натижаларимиз учун юқори даражадаги масъулиятни намоён этишни талаб қилади. Бу кучли характер, қатъият ва ишончлиликни шакллантиради. Айнан шу фазилатларни Ўзбекистон давлат байроғини жаҳон саҳнасида шараф билан баланд кўтариб юрадиган ҳамда ўз мамлакати обрўсини ошираётган спортчиларимизда ривожлантиришимиз керак.

Мамлакатимизда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий иншоотларни қуриш ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли дастурлар изчил амалга оширилмоқда. Бу спорт билан шуғулланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди, унинг машҳурлигини оширди ва янги спорт мактаблари қурилишига туртки берди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Олимпия шаҳарчаси спорт мажмуасида сув спортини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилди. Ушбу спорт иншооти барча замонавий талабларга жавоб беради ва жаҳон чемпионати каби йирик халқаро спорт тадбирларини ўтказишга қодир иншоот сифатида тан олинди.

Ҳар бир ютуқ ортида соатлаб фидоийлик билан қилинган машғулотлар, мураббийларнинг устозлиги ва давлатимиз раҳбарининг энг юқори даражада ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши мужассам. Сўнгги 9 йил ичида миллионлаб одамлар спорт билан шуғулланишга жалб этилди, янги спорт мактаблари, секциялари ва клублари ташкил этилди. Мустаҳкам спорт инфратузилмаси барпо этилиб, ривожланишда давом этмоқда.

Танланган йўналишнинг тўғрилиги ва амалга оширилаётган ишларнинг самарали натижаларини яқинда Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллагани ҳам кўрсатиб турибди. Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган бу каби ютуқлар Давлатимиз раҳбарининг спорт соҳасига ва спортчиларга кўрсатаётган юксак эътиборлари самарасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев нафақат эришилган натижаларни сақлаб қолиш, балки, икки йилдан сўнг Лос Анжелосда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида янада юқори натижаларга эришиш вазифасини қўйган. Бу борада Сув спорти Федерацияси олдида ҳам катта масъулият турибди.

Конференцияда шунингдек, сузиш, синхрон сузиш, сувга сакраш ва сув полоси бўйича бош мураббийларнинг 2025 йилда амалга оширилган ишлар ва 2026 йилга мўлжалланган режалар бўйича ҳисоботлари тингланди. Ҳудудларда сув спортини ривожлантириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва селекция фолиятини кучайтириш бўйича ишларнинг ҳолати тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.

Анжуман якунида халқаро мусобақаларда юқори натиларни қўлга киритган спортчилар ва уларнинг мураббийлари муносиб тақдирланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати