[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

23.01.2026. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувида қайд этилган меҳнат шароитларини янада яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва касб касалликларининг профилактикаси юзасидан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти Кенгаши раиси Сухроб Рафиков, Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ректори Чидем Жанбай Туркйилмаз, тармоқ касаба уюшмалари фаоллари ва мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда талабалар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти Кенгаши ва Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши раиси Сухроб Рафиков университет билан имзоланган меморандумнинг мақсад ва вазифалари хусусида тўхталиб, жумладан шундай деди:

— Меморандумни имзолашдан мақсад университет ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтиришга қаратилган ҳамкорликни ошириш, корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини тизимли ташкил этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш чораларини кучайтириш, жамоатчилик назорати натижалари бўйича ахборотлар билан ўзаро алмашиш, авария ва ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишларнинг олдини олиш, ходимлар саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича илмий асосланган хулосалар беришда университетнинг “Меҳнат муҳофазаси ва саломатлик муҳандислиги” кафедраси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек меҳнат муҳофазаси соҳасида махсус курслар, семинарлар, давра суҳбатлари ва тренинглар учун ўқитиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кафедра ўқитувчиларини жалб этишдан иборат.

Тадбир давомида иштирокчиларга “Ўзбекистон касаба уюшмалари — кеча, бугун, эртага” номли тарихий-ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Шунингдек, тадбир давомида касаба уюшмалари билан ҳамкорлик ишларида фаол иштирок этганлар тақдирланиб, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” дастури доирасида саёҳат сертификатлари ҳамда университет кутубхонаси учун китоблар жамланмаси топширилди.

Тадбир савол-жавобларга бой тарзда ўтказилди.