11.02.2026. Кўрик-танлов давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчилик эътиборини меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга қаратиш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, иш берувчилар томонидан ходимлар учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилишини таъминлаш, шунингдек меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда касаба уюшмалари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар йили “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” арафасида ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш тармоқлари ўртасида тўртта номинация бўйича республика кўрик-танлови ўтказилади. Улар қуйидагилардан иборат:
-
“Энг яхши ташкилот”
-
“Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”
-
“Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил”
-
“Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис”
Кўрик-танлов уч босқичда ўтказилади.
Биринчи босқич февраль ойида бошланади ва ҳудудларда фаолият юритаётган ташкилотлар, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар ҳамда 35 ёшгача бўлган ёш мутахассислар ўртасида ўтказилади. Биринчи босқич якунларини ҳудудий комиссиялар чиқаради.
Ғолибларга:
-
3-ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача,
-
2-ўрин учун — 6 бараваригача,
-
1-ўрин учун — 8 бараваригача миқдорда қимматбаҳо совғалар ва дипломлар топширилади.
Ғолиблар ҳужжатлари иккинчи босқичда иштирок этиш учун юборилади.
Иккинчи босқич тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари миқёсида ўтказилади. Унда ҳар бир ҳудуднинг энг яхши вакиллари иштирок этади. Тармоқ комиссияси томонидан босқич якунланади.
Ғолибларга:
-
3-ўрин учун — 8 бараваригача,
-
2-ўрин учун — 10 бараваригача,
-
1-ўрин учун — 12 бараваригача миқдорда қимматбаҳо совғалар ва дипломлар топширилади.
Ғолиблар учинчи босқичга йўлланма олади.
Учинчи босқичда тармоқ Республика кенгашлари ва Федерация ҳудудий кенгашларининг меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислари иштирок этади. Ҳар йили 1 августгача Федерация комиссияси томонидан натижалар сарҳисоб қилиниб, ғолиблар аниқланади.
Ушбу босқичда икки нафар ғолиб — тармоқ Республика кенгашидан ва Федерациянинг ҳудудий кенгашидан аниқланади. Улар базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдордаги қимматбаҳо совғалар билан тақдирланадилар.
Сўнгги босқич ғолиблари 11 ноябрь — Касаба уюшмалари кунида тақдирланади.
Танловда иштирок этиш тартиби
Кўрик-танловда иштирок этиш тўғрисида иш берувчи ва касаба уюшма қўмитасининг қўшма қарори қабул қилинади. Баҳолашда ташкилотнинг ўтган йилги фаолият натижалари инобатга олинади.
Агар баҳоланаётган йил давомида ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса содир этилган бўлса, иштирокчи “Энг яхши ташкилот” номинацияси бўйича танловга қўйилмайди.
Қолган номинациялар бўйича гуруҳий ёки ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса учун баллар 50 фоизга, оғир оқибатли бахтсиз ҳодиса учун 30 фоизга камайтирилади.
Баҳолаш мезонлари
Қуйидагилар инобатга олинади:
-
меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг мавжудлиги ва қонун ҳужжатларига мувофиқлиги;
-
ходимларнинг ўқитилиши ва билимларининг текширилиши;
-
ноқулай меҳнат шароитида ишловчиларни сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
-
иш ўринларини аттестациядан ўтказиш;
-
оғир ва хавфли ишларда меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этиш;
-
тиббий кўрикларнинг ўз вақтида ўтказилиши;
-
профилактик чора-тадбирлар;
-
иш берувчининг мажбурий суғуртаси;
-
зарарларнинг ўз вақтида қопланиши;
-
жамоатчилик назорати;
-
комиссиялар фаолияти;
-
жамоа шартномаларидаги меҳнат муҳофазаси талаблари.
Танлов иштирокчилари тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланадилар. Комиссия аъзолари зарур ҳолларда ташкилотларга ташриф буюриши мумкин.
Нотўғри маълумотлар тақдим этилган тақдирда иштирокчи танловдан четлаштирилади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, барча бошланғич касаба уюшма ташкилотларини кўрик-танловда фаол иштирок этишга чорлаймиз.
Меҳнат муҳофазасига қўшган ҳиссангиз ташкилотингиз ва ходимларингиз фаровонлигига хизмат қилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппарати Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский