12.02.2026. Хоразм вилояти ҳокимлигида “Аёллар дафтари”нинг еттинчи босқичини муваффақиятли амалга оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Давлетов ҳамда “Аёллар дафтари” бўйича Хоразм вилояти штаби раҳбари, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Қутлимурат Сабиров олиб борди.
Йиғилишда “Аёллар дафтари” ижроси бўйича масъул ташкилотлар раҳбарлари, касаба уюшмаларидан бириктирилган масъуллар, шунингдек, видеоселектор алоқаси орқали туман студияларида шаҳар ва туман ҳокимлари, мазкур тизим ижросига масъул ташкилотлар раҳбарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари, маҳалла уюшмаси туман бўлимлари масъуллари ҳамда “маҳалла еттилиги” вакиллари иштирок этди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бандлигини таъминлаш ҳамда жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Шу кунгача “Аёллар дафтари” тизимининг олти босқичи самарали амалга оширилиб, миллионлаб хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилди ва уларга манзилли ёрдам кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўтган йил 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувда хотин-қизларнинг фаол ижтимоий қатлам сифатида шаклланишида “Касаба уюшмалари – аёллар манфаати йўлида” шиори асосида янги тизимни йўлга қўйиш таклифини илгари сурган эди. Шу асосда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Маҳалла уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унинг асосий мақсади – “Аёллар дафтари” тизимининг янги босқичида эҳтиёжманд ва ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш ва уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширишдан иборат.
Шунингдек, жорий йил 7 февраль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Республика комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори ҳамда “Аёллар дафтари”нинг янги таҳрирдаги Низоми лойиҳасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар муҳокама қилинди.
Штаб раҳбари “Аёллар дафтари”нинг еттинчи босқичида Хоразм вилоятида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича тўхталди.
Эндиликда “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизлар тоифалари янада такомиллаштирилиб, уларни бешта тоифа бўйича рўйхатга олиш кўзда тутилмоқда:
Биринчи тоифага бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган ва доимий даромад манбаига эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.
Иккинчи тоифага бандлиги таъминланмаган ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд аёллар, шунингдек, тадбиркорликни бошлаган ёки ўзини-ўзи банд қилган хотин-қизлар киритилади. Уларга имтиёзли кредитлар ажратилади.
Учинчи тоифага уй-жойи таъмирлашга муҳтож, турар жойи мавжуд бўлмаган ёки уй-жой шароити ижтимоий нормадан кам бўлган хотин-қизлар киритилади. Уларга ижара тўловини компенсация қилиш ёки молиявий имкониятдан келиб чиқиб уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилади.
Тўртинчи тоифага руҳий ҳолатини яхшилашга, шунингдек, “Ижтимоий реестр” ахборот тизимига киритилган оила аъзоларини даволаш ёки жарроҳлик амалиётини ўтказишга муҳтож хотин-қизлар киритилади.
Бешинчи тоифага ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган, ажрим, суд, алимент ва бошқа масалалар юзасидан маслаҳат ва амалий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар киритилади.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўрсатиладиган амалий ёрдам жараёнида уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши, соғлиғини тиклаши, руҳий ҳолатини яхшилаши ва ҳуқуқларининг тикланишига алоҳида эътибор қаратилади. Асосий мақсад – бир марталик ёрдам эмас, балки барқарор даромад манбаи яратиш ва камбағалликдан чиқишга кўмаклашишдир.
Йиғилишда барча масъуллардан якдиллик билан иш олиб бориш талаб этилди. “Аёллар дафтари” тизими доирасида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, манзилли ёрдам кўламини кенгайтириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниб, тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский