[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

18.02.2026. Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида тузилган жамоа шартномасининг 2025 йилда бажарилишига бағишланган меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси Нилуфар Музаппарова, институт ректори Ботир Нурматов, касаба уюшмаси қўмитаси раиси Аслиддин Мамасоатов ҳамда касаба уюшмаси аъзолари иштирок этдилар.

Йиғилишда жамоа шартномасида кўзда тутилган шартларнинг бажарилиши юзасидан институт ректори Б. Нурматов ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси А. Мамасоатовнинг ҳисоботлари тингланди ҳамда амалга оширилган ишлар бўйича далолатнома ўқиб эшиттирилди.

Бугунги кунда филиалда жамоа шартномаси орқали профессор-ўқитувчилар, маъмурий-бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинмоқда. Жумладан, 2025 йил давомида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларни маънавий ва моддий жиҳатдан рағбатлантириш ишлари изчил олиб борилди.

Хусусан, давлат ва касбий байрамлар муносабати билан тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирлар доирасида ходимлар учун эсдалик совғалари харид қилиниб, жамоа аъзоларига тақдим этилди.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир бўлган ҳамда муайян ҳаётий ҳолатларга дуч келган ходимларга касаба уюшмаси қўмитаси томонидан моддий ёрдам кўрсатилди. Меҳнат фаолиятида фаоллик, ташаббускорлик ва масъулият билан ишлаётган ходимлар рағбатлантирилди.

2025 йил давомида институтда меҳнат ҳақи ўз вақтида тўланди ва иш ҳақи бўйича муддати ўтган қарздорликка йўл қўйилмади. Бу эса жамоада ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлди.

Йиғилиш якунида жамоа шартномасининг 2025 йилда бажарилиши қониқарли деб топилди.

Шавкат Таиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси