[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

06.03.2026. Жорий йилнинг 24-февраль куни давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашувида уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор янги имкониятлар белгилаб берилди. Хусусан, ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ташкилотларда “Ёшлар куни”ни ўтказиш йўлга қўйилди.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Сухроб Рафиков иштирокида Самарқанд туманидаги 10-сонли умумтаълим мактабида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.

Тадбирда касаба уюшмалари вилоят кенгашининг ходимлари, мактабда фаолият юритаётган ходимлар ҳамда фаол ўқувчилар иштирок этдилар.

Ушбу тадбир касаба уюшмалари тизимининг ёшлар билан мулоқотини янада кучайтириш, ёш авлодни касаба уюшмалари фаолияти ва вазифалари билан яқиндан таништиришга қаратилди.

Тадбирда вилоят кенгаши раиси Сухроб Рафиков томонидан бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи, касаба уюшмаларининг асосий мақсад ва вазифалари, уларнинг ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ёшларнинг келгуси режалари, таклиф ва ташаббуслари, уларни ўйлантираётган масалалар муҳокама қилинди. Ёшлар доимий равишда ўз устида ишлаши, янги билим ва кўникмаларни эгаллаб боришлари зарурлиги таъкидланди. Айниқса, мутолаа қилиш ва хорижий тилларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим экани қайд этилди.

Тадбир давомида бир гуруҳ фаол ёшларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши томонидан китоблар топширилди. Шунингдек, мактабда самарали фаолият олиб бораётган ёш ходимларга саёҳатларда иштирок этиш учун сертификатлар тақдим этилди.