[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

11.03.2026. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи бир неча йилдирки эътибор марказида бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган ва бошқа ҳеч бир мамлакатда учрамайдиган ноёб механизм – «Аёллар дафтари» тизими бу борада самарали воситага айланди. У орқали уйма-уй юриб хотин-қизларнинг турмуш шароити, муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилади. Аниқланган муаммолар бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳар бир мурожаат назоратга олинади.

Навоий вилоятида шу давргача амалга оширилган 6 та босқичда 138 минг нафардан ортиқ аёллар иш билан таъминланди, тиббий кўрикдан ўтказилди, касб-ҳунарга ўқитилди, ижтимоий ёрдам билан қамраб олинди.

«Аёллар дафтари» тизимининг 7-босқичини шакллантиришга бағишланган йиғилишида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳоджон Ханапияев, касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти кенгаши раиси Назира Тоғаева ҳамда тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар амалга ошириладиган устувор вазифалар, хусусан, маҳаллалар «еттилиги» томонидан хатлов жараёнларини сифатли ва холис ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир турмуш шароитида яшаётган, ишсиз, саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бор аёлларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш масалалари ҳақида атрофлича тўхталдилар.

Таъкидланганидек, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила тақдири турибди. Шу боис хатлов жараёнларида юзакиликка йўл қўймаслик, ҳар бир ҳолатни чуқур ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Зайниддин Мислимов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши Ижтимоий суғурта бўлими мудири