[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

24.03.2026. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 мартдаги “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-82-сон қарори ижроси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг чора-тадбирлар режасида белгиланган тадбирларни кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва тармоқ тизимидаги корхоналарда Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир” шиори остида маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари, шунингдек, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида саёҳатлар ташкил этилди.

Мазкур тадбирлар тизимдаги “Қизилқум фосфорит комплекси” АЖ жамоаси томонидан юқори кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Жумладан, корхонада муборак Рамазон ойи ва Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимлар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг турмуш шароити ва ижтимоий ҳолати билан яқиндан танишилди. Суҳбатлар жараёнида ходимларни қийнаётган масалалар, таклиф ва эҳтиёжлари ҳам ўрганилди. Ташкил этилган хайрия тадбирларида эҳтиёжманд ходимлар оилаларига зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Корхонада ўтказилган тантанали байрам тадбирида ходимлардан иборат фольклор жамоалар чиқишлари, лапарлар, келин салом маросими, саҳна кўринишлари ҳамда куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.

Ташкилотчилар томонидан ходимлар учун сумалак сайли ва миллий ўйинлар ташкил этилди. Жумладан, эркаклар ўртасида армрестлинг ва арқон тортиш мусобақалари ўтказилди.

Аёллар эса айтишув ва беш тош ўйинларида ўз маҳоратларини намойиш этиб, байрамга ўзгача файз бағишладилар. Сумалак атрофида эса хотин-қизлар томонидан лапарлар айтилиб, Наврўзнинг ҳикмати, эзгулик ва умумбашарий қадриятлар ҳақида самимий суҳбатлар қурилди.

Байрам якунида мусобақа ғолиблари ҳамда фаол ходимлар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси